Ургутда ҳамон сифатсиз гўшт сотилмоқда, мутасаддилар эса мум "тишлаб" ўтирибди

Йиғилишда мавжуд гўшт дўконларининг 48 фоизи ёки 402 таси ноқонуний (уй шароитида), ветеринария-санитария талабларига зид равишда фаолият юритаётгани кескин танқид қилинганди. Аччиқ бир савол бор: ветеринария хизмати ходимлари тизимда тартиб ўрнатишга қачондан киришади?

Аввалроқ, 7 июнь куни телеграм каналимизда “Ургут бозорида сотилаётган гўшт ҳидиям, кўринишиям таъбни хира қилади” мавзусида мурожаат эълон қилинган эди.

Обуначиларимиз маълумоти асосида эълон қилинган хабарга вилоят санитария-эпидемилогик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси муносабат билдирди.

Унда гўшт маҳсулотлари сифати билан боғлиқ ҳолатларга ветеринария хизмати мутахассислари жавобгар ва масъул эканлиги қайд этилган эди.

Шундай бўлса-да, “СЭС” ходимлари ҳолатни ўрганиб, бозордаги ветеринария хизмати ходими масъулиятсизлик қилаётгани, лабораторияси мутлақо талабга жавоб бермаслигини маълум қилганди.

Афсуски, ҳолат юзасидан Ургут тумани ветеринария ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўлими бошлиғига билдириш хати киритилган бўлса-да, на сотилаётган сифатсиз гўшт ҳақида, на ходимини инсофга чақирганлиги ҳақида маълум қилинмади.

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганлари шу бўлса керак. Обуначиларимиз Ургут тумани “Деҳқонобод деҳқон бозори” МЧЖда кўринишиям, ҳидиям таъбни хира қиладиган гўшт ҳамон сотилаётганини билдирмоқда.

Табиий савол туғилади, ветеринария хизматида функционал вазифасига масъулият билан ёндошадиган мутасадди бормикан?

Ахир вилоят ҳокимлигининг ўтган ҳафта бўлган аппарат йиғилишида ҳам айни шу масала муҳокама қилиниб, уларга вилоятимизда сотилаётган гўшт маҳсулотлари сифати устидан назоратни кучайтириш топшириғи берилган эди-ку.

Айни шу йиғилишда мавжуд гўшт дўконларининг 48 фоизи ёки 402 таси ноқонуний (уй шароитида), ветеринария-санитария талабларига зид равишда фаолият юритаётгани кескин танқид қилинганди. Аччиқ бўлса-да айтиш керак, ветеринария хизмати ходимлари жиғилдонини эмас, халқни қачон ўйлайди?