Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бозорда сифатсиз озиқ-овқат товарларининг сотилишини бартараф этиш учун бозор маъмуриятига тавсиянома берилди

Кеча, 7 июнь куни zarnews.uz сайтида “Ургут бозорида сотилаётган гўшт ҳидиям, кўринишиям таъбни хира қилади” мавзусида мурожаат эълон қилинди.

Унда “Ургут туманидаги “Деҳқонобод” бозорида сифати кафолатланмаган товуқ гўшти сотилаётгани, бу ҳақда СЭС ходимларига айтдик, лекин натижаси бўлмаяпти”, дейилган.

Бироқ таъкидлаш ўринлики, гўшт маҳсулотлари сифати билан боғлиқ ҳолатларга ваколат доирасида жавобгарлиги ва масъуллиги бўлган ташкилот бор. Бу “СЭС” эмас, ветеринария хизматлари мутахассисларидир.

Аммо вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда Ургут туман бўлими мутахассислари биргаликда мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Ургут туман “Деҳқонобод деҳқон бозори” МЧЖда бўлди. Бозор директори Ж.Эргашевнинг айтишича, бозорда фаолият кўрсатаётган туман ветеринария ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўлими ходими ўз ишига совуққонлик ва масъулиятсизлик билан ёндашган. Бозорда сотилаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш, кафолатланмаган маҳсулотлар савдосини тўхтатиш, бракераж қилиш тўғридан тўғри ушбу ходимнинг вазифаси бўлса-да у ходим ҳар бозор кунларида фақатгина картошка ва пиёз маҳсулотларини йиғиб, лабораторияга олиб бориши ва шунда ҳам текшириш ўтказмаслиги маълум бўлди. Ходим бир неча марта огоҳлантирилишига қарамасдан ўз вазифасини бажармаган, ҳатто таҳлил лаборатория хонаси талаб даражасида эмас.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича директор Ж.Эргашев Ургут тумани ветеринария ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўлими бошлиғига билдириш хати билан мурожаат қилган.

Ваҳоланки, Ургут тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан бозорда сифатсиз озиқ-овқат товарларининг сотилишини бартараф этилиши борасида бозор маъмуриятига бир неча марта тавсияномалар берилган. Берилган тавсияномалар ижроси айрим масъулиятсиз ходимларни деб таъминланмаётганлиги аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиришини мутасадди ташкилотлар тўғри англасалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемилогик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.