Қўшработда паррандачилик кутилган натижани бердими?
Сарлавҳани шундай қўйишимизга сабаб бор, 2021 йил давлат раҳбарининг Самарқандга ташрифи давомида бу туманда паррандачиликни ривожлантириш юзасидан берилган топшириқлардан сўнг матбуотда айнан шундай баёнотлар берилган, паррандачилик туманда камбағалликни тугатишига ишора қилинган мақолалар эълон қилинганди.
Президент томонидан Қўшработ туманида хонаки товуқ етиштириш ва маҳсулотни реализация қилишнинг яхлит тизимини яратиш бўйича топшириқлар берилганди. Хусусан, туманда Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида аҳолига паррандачиликни ривожлантиришга кўмаклашувчи «Лойиҳа офиси» ташкил этилиб, шу соҳа билан шуғулланувчи ҳар бир хонадондаги ҳолатни доимий кузатиб бориш ҳамда уларга ўз вақтида ветеринария хизматлари кўрсатилиши ва зарур озуқа етказиб берилишини йўлга қўйиш вазифаси қўйилганди.
Орадан роппа-роса уч йил ўтди. Хўш, туманда кўзланган лойиҳалар амалга ошдими? Бугун туман паррандачилик бўйича республика ва вилоятда нечанчи ўринларда туради? Ишсиз аҳолининг неча фоизи шу йўналишда ўз ўрнини топди?
Умуман, паррандачилик соҳаси бўйича Қўшработ туманидаги ишларни мақташ ҳам, танқид қилиш ҳам мумкин. Иккисига ҳам тўхталамиз. Аммо энг ачинарлиси шуки, давлат раҳбари топшириғи билан ташкил этилган паррандачилик бўйича «Лойиҳа офиси» бугун фаолиятини тўхтатиб қўйган. Ҳолбуки, бу лойиҳа юқорида айтганимиздек, туманда паррандачилик билан шуғулланувчи ҳар бир хонадонни доимий кузатиб бориши, ўз вақтида ветеринария хизматлари кўрсатилиши ва зарур озуқа етказиб берилишини йўлга қўйиши керак эди. Бир ҳафта давомида кўп идора мутассаддилари билан телефон орқали боғландик, аммо «Лойиҳа офиси» фаолияти тўхтагани сабабини аниқ айтиб берадиган масъул топилмади. Соҳага яқин айрим мутахассисларнинг фикридан билдикки, «Лойиҳа офиси» банкротга учраган. Бошида ташкилот юзлаб хонадонларга инкубатор олиб бериб, товуқчиликни бошлашига кўмак кўрсатган. Аммо иш тўғри йўлга қўйилмагани боис ташкилот кўп ўтмай молиявий қийинчиликларга учраган ва ишни тўхтатишга мажбур бўлган. Уни қўллаб-қувватлаш, тиклаш, фаолиятини давом эттириш масаласи эса кўтарилмаган. Давлат раҳбарининг топшириғи шу тарзда унутилган. Фикримизча, ҳолат вилоят даражасида бир ўрганиб кўрилиши лозим. Чунки давлат раҳбарининг бу бўйича топшириғи айнан вилоят ҳокимлигига берилган эди.
Албатта, бу дегани туманда паррандачилик ҳам тўхтади, дегани эмас. Ҳар битта маҳаллада ўнлаб, айрим маҳаллаларда юзлаб товуқ боқиб кун кўрадиган оилалар бор. 2023 йилда туманда аҳоли ва корхоналар томонидан 2,1 минг тонна парранда гўшти, 27,8 миллион дона тухум етиштирилган. Бугунги кунда туманда драйвери айнан паррандачилик бўлган 12 маҳалла бор. Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, 1457 та хонадон паррандачилик билан шуғулланади. 4500 га яқин аҳоли шу соҳада банд.
Масалан, “Шована” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Элёр Тиловов томонидан 2 минг бош гўшт йўналиши бўйича товуқлар боқилмоқда. Бу товуқлар ҳар 40-45 кунда тайёр бўлади. Ҳар бир тайёр бўлган товуқдан ўртача 2,5-3 килограмдан гўшт олиш мумкин. Ёки Чиммос маҳалласида яшовчи Ўролбой Муфтиллаев хонадонига 2500 та тухум йўналишида паррандалар 2023 йилда берилган бўлиб, кунига 2480 дона тухум олинмоқда.
Уйда паррандачилик ташкил этган хонадонларда бўлдик. Шу иш билан шуғулланиб, ўзини тиклаб олган, даромад олаётганлар ҳам, бир қатор муаммоларга дуч келаётганлар ҳам бор. Масалан, Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Санобар Усмонова шу иш билан шуғулланиб, яхши даромад қилаётганини маълум қилди.
Бу хонадонда 640 бош парранда бўлиб, ҳар куни ўртача 630 та, ойига қарийб 19 мингта тухум олинади. Кунлик сарфланадиган ем ҳажми 64 килограм. Бир ойлик жами даромад 22 миллион сўм, ем ва бошқа харажатлар 14 миллион ва ойлик соф фойда 8 миллион сўмга яқин.
Булоқ маҳалласида яшовчи Садриддин Қаршиев эса паррандачилик билан шуғулланиб, қатор муаммоларга дуч келганини айтмоқда.
- Товуқчилик аслида яхши иш. Қариндошларим шу иш билан шуғулланиб даромад топганини кўрганман, - дейди С.Қаршиев. - Шуларга қараб, ўзим ҳам шуғулланишга қарор қилгандим. Ўтган йил июль ойида ишни бошладик. Аммо ўзига яраша муаммолари бор экан. Товуқхона товуқ фирма томонидан қуриб берилиши айтилганди. Олдин ишлаганларга шундай қилинарди. Аммо бизга келганда бу иш ўзимизга қолди. Тумандаги «Ломан Парранда» МЧЖдан 1120 бош товуқ олгандик. Аммо товуқлар етиб келиши жараёнида 20 таси ўлди. Ҳозирга келиб, 1070 бош қолган. Беш ой тухумни 90 фоиздан кам олганим йўқ. Кейин туша бошлади. Ҳозирда кунига 850 та тухум оляпман. Асосий муаммо шундаки, менга берилган товуқларнинг деярли барчаси ёши ўтган товуқлар. Бизга ёш товуқлар берилиши кўзда тутилган эди. Кекса товуқлар алмаштирилиши, ўлганлари учун ҳам бошқа товуқ берилиши айтилганди. Аммо ундай бўлмади. Олинаётган тухум сони тушиб кетгани учун ҳозир даромад ололмаяпман. Ҳар қанча мурожаат қилмай, натижа бўлмаяпти. Ҳозирда товуқларни экспертиза қиламиз дейишяпти. Аниғи шуки, яқин орада бизга парранда берган фирма билан судлашишимга тўғри келади. Чунки бу товуқларнинг ҳар бири менга кредитга 106 минг сўмдан тушган.
Садриддин Қаршиевга кўра, аслида товуқчиликдан фойда олса бўлади, ўзи билган қатор одамлар бундан даромад қилиб келяпти. Аммо бунинг учун қоидалар ишлаши, кекса товуқлар берилмаслиги керак.
Суриштириб билдикки, тадбиркорга берилган товуқ ундан олдин Каттақўрғондаги харидорлардан бирига етказилиши керак бўлган. Аммо харидор айнан товуқлар ёши ўтгани сабаб уларни қайтарган.
Фикримизча, бундай муаммолар ҳаммада ҳам учрамайди. Модомики, саноқли ҳолат экан, масъуллар ҳам ҳолатга аралашиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, муаммони ҳал қилишда кўмаклашишлари керак. Бундай оилалар билан ишлаши керак бўлган «Лойиҳа офиси» эса юқорида айтганимиздек фаолиятини тўхтатган.
Тўғри, туман ҳали ҳам тухум етиштириш бўйича вилоятда 10-ўриндан орқада. Статистика маълумотларига кўра, Қўшработ тумани тухум етиштириш бўйича 2023 йилда вилоятда 11, 2021 йилда 14-ўринда қайд этилган. Аммо аҳолида бу йўналишга қизиқиш йўқ эмас. Йилдан-йилга парранда билан шуғулланувчилар сони ортмоқда.
Самарқанд вилояти, мана неча йирдирки, паррандачилик бўйича республикада биринчи ўринни эгаллаб турибди. Соҳа бўйича улкан тажрибага эга туманлар бор. Эҳтимол, уларнинг тажрибаси ҳам ўрганилиши керакдир.
Яна бир мулоҳаза. Одатда қайси бир ҳудудда бирор тармоқ ривожланса, якка тадбиркорлар, хўжаликларга, хўжаликлар янада йирикроқ шаклдаги корхоналарга айланиб боравериши ва йирик корхоналар сони ошиб бориши керак. Қўшработда эса ҳамон соҳа ўзини ўзи банд қилишдан нарига силжимаяпти. Туманда паррандачилик йўналишида битта йирик корхона, учта фермер хўжалиги мавжуд. Улар сони нега ўсмаётганини ҳам бир ўрганиб кўриш, тўсиқлар бўлса, олиб ташлаш керак.
Қолаверса, қайси ҳудудда қандай тадбиркорлик турига талаб бўлса азалдан табиий равишда соҳа ривожланиб келган. Фикримизча, бунга ҳам эътибор қаратиш керак. Маълумотларга кўра, Қўшработда узумчилик билан шуғулланувчи битта хонадоннинг йиллик даромади 80 миллион сўмдан ошади. Шунингдек, қўйчиликда йиллик 28,6 миллион, тоғ-кон саноатида 32 миллион ва хизмат кўрсатишда ишловчи хонадонларнинг йиллик даромади 25,5 миллион сўм. Паррандачиликда эса бир хонадоннинг йиллик даромади 15 миллион сўм деб кўрсатилмоқда. Демак, ҳудуд салоҳияти, ресурслари ва аҳоли қизиқишидан келиб чиқиб, бошқа йўналишларда ҳам эътиборни сусайтирмаслик лозим.
Анвар Мустафоқулов.