“3 бош товуқ – 10 миллион сўм”

 Уч бош товуқни 10 миллион сўмга айлантириш бир қарашда кулгули туюлиши мумкин. Қаҳрамонимиз қандай қилиб буни амалга оширгани ҳақида сўзлаб берганида эса барчаси тушунарли бўлади. Аввало биз ҳикоя қилмоқчи бўлган оила ҳақида: Оқдарё тумани Олчинтепа маҳалласида оддий бир оила бор. Хонадон бекаси Ҳуррият Холиқова ногиронлиги бўлса-да, соғлом аёллардан қолишмайди. У турмуш ўртоғи Тойир Мамарасулов билан чиройли ҳаёт кечириб келяпти.

- Олчинтепада туғилиб ўсдим ва шу маҳаллага турмушга чиқдим, - дейди Ҳуррият Холиқова. - Умр йўлдошим жуда яхши инсон. Етти мучаси соғлом бўлса-да, ҳаётнинг аччиқ-чучугини мен билан бирга тотиб келяпти. Фарзандларига жуда меҳрибон.

Уларнинг икки нафар қизи бор. Ҳар иккала фарзанд ҳам мутолаага, илм олишга қизиқиши баланд.

- Эл қатори рўзғор тебратиб келяпман, - дейди Тойир Мамарасулов. – Ўзим серфарзанд оилада катта бўлганман. Ота-онам далада қора меҳнат қилиб, қийинчилик билан бизни катта қилишди. Олий ўқув юртида ўқиш насиб қилмади, аммо фарзандларимни ўқитаман, деб ният қилиб юрардим. Мана орзуимга қисман эришдим. Катта қизим – талаба. Ўзбекистон-Финландия педагогика институти биология факультетида ўқийди. Биринчи босқични тамомлади. Қорамолларимиз бор. Бир новвос боқиб қизимнинг контракт пулини тўладим. Деҳқончиликдан даромад қиламиз. Иккинчи қизим мактабда 9-синфга ўтди. Энди унинг ҳам репититорга қатнаши учун шароит яратиб бермоқчиман. Аяси фарзанд тарбиясида ҳам, рўзғор тебратишда ҳам мен билан ёнма-ён, елкама елка ҳаракат қилади.

Бу оила 15 сотихлик томорқадан йилига 2-3 марта фойдаланаркан. Биринчи экинга ловия экиб, 500 килограм ҳосил олган. Килограмини 16 минг сўмдан сотиб, 8 миллион сўм даромад қилган.

- Яна бир гап, - дейди Т. Мамарасулов. - Фермер хўжалигимизда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш мақсадида ҳандақ қазилди. Тупроғи катта юк машиналарига ортилиб, 100 минг сўм берган шу яқин атрофдагиларнинг ҳовлисига тўкила бошлади. Мен ҳайдовчи йигитларга хонаки товуқ гўштидан бирор таом пишириб ейиши мумкинлигини айтиб, уларни катакка таклиф қилдим ва истаган 3 бош товуқни танлаб олишларини айтдим. Улар икки товуқ ва бир хўрозни танлади. Ҳовлимга эса 3 машина тупроқ тўкиб берди. Мен бу тупроқдан икки йил давомида, бўш вақтимда (сабаби бир ўзим эдим) ғишт қуйдим ва иморатларимга ишлатдим, шунингдек, 10 мингтасини қўшниларга пулладим. Донасини минг сўмдан сотган бўлсам, 10 миллион сўм даромад қилдим. Хуллас, 3 бош товуқ менга шунча фойда келтирган.

Қорамолларнинг гўнгидан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз, - дейди Ҳ.Холиқова. - Таппи-тезак қиламиз, томорқада ўғит сифатида фойдаланамиз. Кимёвий ўғит ишлатмаймиз. Шунинг учун бўлса керак еримиз унумдор. Йилига 15-16 миллион сўмлик ҳосил оламиз.