Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳаллаларда норасмий бандлик улушини қисқартиришга оид Президент қарори қабул қилинди

Эндиликда яна 10 та фаолият тури учун субсидия ажратилади.

«Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандлик улушини қисқартириш учун 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:

  парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;

  узум кўчати ва ток сўриси;

  асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;

  қуён, қуён катаги ва озуқа еми;

  балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.

Бунда, мазкур субсидия бир нафар томорқа ер участкаси эгаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан ажратилади.