Паррандачилик Қўшработни камбағалликдан чиқаради(ми?)

Қўшработ Самарқанднинг энг олис, чекка тумани ҳисобланади. Бинобарин, турли хил муаммолар ҳам марказдан узоқда “болалаб кетар” экан, шекилли бу ҳудуд азалдан муаммолар гирдобида қийналиб келган. Лекин бу туман бир жойда депсиниб турибди, дегани эмас. Холис назар ташланса, таҳлил ва қиёс қилинса, кейинги йилларда жуда катта ишлар, кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилганини, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшилангани-ю, ишсизлик даражаси анча пасайганини пайқаш мумкин. Қисқаси, туманнинг “қизил” ҳудуддан чиқиши учун реал имкониятлар бўй кўрсата бошлади, десак янглишмаган бўламиз.

Туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди. Унинг айтишича, кейинги тўрт йил мобайнида туманнинг оёққа туриб олиши учун мустаҳкам пойдевор яратилган. Чунончи, шу давр ичида 8 минг гектар майдонда янги узумзорлар барпо этилган. Токзорларга туташ ҳудудларда эса  юзлаб гектар ёнғоқзорлар, бодом ва пистазорлар ҳосил нишоналарини кўрсата бошлади. Бу турдаги маҳсулотлар экспорт йўналишига оидлиги инобатга олинса, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти янада ойдинлашади.

- Туманимизда сув муаммо саналади, шу боис боғ-роғларнинг аксарият қисми замонавий технологиялар асосида, яъни томчилатиб суғориш усулида парваришланяпти, - деб алоҳида таъкидлади туман ҳокими. - Бинобарин, бундан бошқа йўл йўқ бу ерда, чунки сув кичик булоқлар ва қудуқлардан олинади. Шу мақсадда минглаб тик артезиан қудуқлар бурғуланди, уларга давлат томонидан молиявий кўмак берилди.

Пандемия балоси ҳамма жойда иқтисодиётнинг йўлидаги  ғов, оёғидаги кишан бўлиб турибди. Шунга қарамай, бу йил туман тарихида илк бор экспорт амалиёти рўёбга чиқарилди. Тўғри, унчалик катта эмас, лекин буни хамир учидан патир, деб бемалол айтиш мумкин. Чунки, туман қишлоқ хўжалиги асосан экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашмоқда – майиз, ёнғоқ, бодом, писта ва шунга ўхшаш ноёб меваларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Қисқаси, туманда қайси соҳага кўз ташламанг, қандайдир янгилик ва ўзгаришларни илғаб оласиз. Чорвачиликда четдан наслдор моллар, қўй-эчкилар олиб келиб кўпайтирилаётгани ва тармоқ тубдан жонлантирилаётгани ҳам ислоҳотларга чуқур мазмун-моҳият бахш этмоқда. Ижтимоий соҳада, айниқса аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш йўлидаги барча саъй-ҳаракатлар одамларнинг рози бўлишига  қаратилган. Тумандаги барча тиббиёт масканлари тубдан таъмирланиб ёки қайта қурилиб, замонавий шаклга келтирилди. Эндиги навбат аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат  савиясини оширишга қаратилган.

Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари томонидан болаларнинг 70 фоиздан кўпроғи боғчаларга қамраб олинган. Ҳолбуки, бундан 3 йил аввал  бу кўрсатгаи атиги 9 фоизни ташкил этган, холос. Ижтимоий соҳадаги ушбу жараён тизимли ва изчил кенгайтирилмоқда.

Аҳолининг иқтисодий ночор қатламини камбағалликдан чиқариш тумандаги энг муҳим вазифалардан биридир. Айни пайтда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га  киритилганлар сони бўйича  вилоятда олдинги ўринлардан бири эгаллаб турилгани бу борада ҳали кўп иш бажарилиши зарурлигини билдиради. Тўғри, туманда ҳар йили кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда, ҳар ҳолда ҳисоботларда шундай! Бироқ камбағаллик даражаси пасаймаяпти. Нега шундай? Бизнингча, бунинг сабаби битта: ёшлар учун, умуман, аҳоли учун янги иш ўринлари яратилаётган бўлса-да, меҳнатга муносиб ҳақ тўланадиган  янги иш ўринлари, катта маош олиб ишлаш ёшларнинг ушалмас орзуси бўлиб қолмоқда.

Демак, ёшларнинг эзгу орзулари рўёбга чиқиши учун туманга катта саноат корхоналари даркор. Лекин бунинг учун йирик инвестиция, маблағ керак. Бу борада туманнинг имкониятлари логистик жиҳатдан   чекланган. Аммо “Қаловини топсанг қор ёнади”, деганларидек, бу ерда бевосита Юртбошимизнинг топшириқларига кўра ноанъанавий йўл танланди ва  хонаки товуқчиликни ривожлантиришга қарор қилинди. Давлат солиқ қўмитаси кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳага кўра, бир йилда туманда хонаки товуқлар сони 1 миллион бошга етказилади. Шу тариқа туман ўзига хос йирик паррандачилик комплексига айланади. Мана  буни чинакам амбиция дейиш  мумкин! Негаки, 1 миллион бош паррандани аввало топиш, кейин боқиш ва ундан маҳсулот олиш манаман деган комплексларнинг ҳам қўлидан келмайди. Сарфланадиган маблағлар миқёсини-ку қўяверинг. Хўш, бу ғаройиб лойиҳа қандай амалга оширилади?

– Японларда шундай ҳикмат бор: “Бир кишини хурсанд қилмоқчи бўлсанг – балиқ совға қил, бахтли қилмоқчи бўлсанг – балиқ тутишни ўргат!”, – дея суҳбатимизга қўшилди Давлат солиқ қўмитасининг ”Қўшработ туманида хонаки товуқчиликни ривожлантириш ва етиштириш лойиҳаси” офиси директорининг ўринбосари  Элшод Бўриев. – Биз ана шу тамойилга амал қилиб, аҳолига паррандачиликни   ривожлантиришни ўргатмоқдамиз. Одамлар товуқ боқишни билмайди, деган нотўғри фикрдан йироқман. Уларнинг орасида паррандачилик сирларини ипидан игнасигача яхши биладиган, тушунадиган ишбилармонлар бор. Биз уларга кўпроқ таянамиз, тажрибаларини оммалаштирамиз.

Сир эмас, туман ҳудудига четдан ҳар йили минг-минглаб бош жўжа келтирилади, бироқ уларнинг жуда оз қисмигина вояга етади, аксарияти турли сабабларга кўра нобуд бўлади. Оқибатда аҳоли товуқ кўпайтиришни қанчалик хоҳламасин, режалари рўёбга чиқмай қолаверган. Биз ишни худди шу нуқтадан бошлаб, жўжаларни аҳолининг ўзи етиштиришни ўргатишга киришдик. Бунинг учун тумандаги 40 дан зиёд маҳалла имкониятлари, товуқчиликни ривожлантиришга талабгорларнинг салоҳиятини ўрганиб, биринчи босқичда Фарғонада хориж технологияси асосида йиғилган 94 дона EGG BOX инкубаторини тадбиркорларга бердик. Жорий йил охиригача уларнинг умумий сонини 200 тага етказмоқчимиз. Ана шу инкубаторларнинг 38 таси вилоят ҳокими ташаббуси билан “Темир дафтар”га киритилган хонадонларга текин берилди. Ушбу қурилмаларнинг умумий қуввати йилига 1 миллиондан ошиб кетади. Демак, туманнинг ўзида шунча жўжа очирилади ва аҳолига арзон нархларда етказиб берилади. Яна бир муҳим жиҳати, бу инкубаторларда бедана, каклик, ғоз, ўрдак, курка жўжаларини ҳам очиб чиқариш мумкин. Уларни сақлаш, касалликлардан асраб қолиш, қандай боқиш масалаларида офис мутахассислари, ветеринар врачлари паррандабоқарларга ҳамиша кўмакдош бўлишади.

Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши. Намуна маҳалласидаги  инкубатор соҳиби Элдор Норқулов билан суҳбат чоғида амалга оширилаётган лойиҳанинг мақсад ва вазифаларини янада теранроқ англагандай бўлдим.

– Инкубаторни 6  ойлик имтиёзли даври билан 3 йил  муддатга, йиллик 14 фоизли кредит асосида олдим, – деди у камида икки ҳафта илгари 528 дона тухум жойлаштирилган қурилмага ишора қилиб. – Насиб қилса, яна бир неча кундан сўнг илк жўжалар пайдо бўлади. Уларни 1-2 кун сақлаганимдан сўнг қўшниларимга тарқатаман. Бошқа қишлоқдошларимдан ҳам буюртмалар келиб тушган, улардан ортганини эса бозорга олиб чиқаман. Бинобарин,  хонаки товуқ тухумининг ишқибози кўп, шу боис унинг нархи ҳам юқори. Негаки, хонаки товуқ тухуми оқсилга бой, парҳезбоп, экологик тоза маҳсулот ҳисобланади ва ҳамма жойда қадрланади. Инкубатор тўлиқ қувват билан ишласа йилига 5400-5500 дона жўжа очади, агар уларнинг ҳар донасини 5 минг сўмдан сотсак,  қанча даромад олишимизни ҳисоблаб чиқиш қийин эмас – 30 миллион сўмдан ошиб кетади. Жўжаларни 15 кунлик қилиб сотсак, бу кўрсаткич  яна икки борабар ортади.

Суҳбатдошим билан хайрлашгач, туман бўйича тарқатилган қарийб 200 дона  инкубаторни  бирров кўз олдимга келтирдим. Улар 100 фоиз қувват билан ишлаб турса борми, ҳаммаёқни жўжа босиб кетади-я! Етти хазинадан бирининг кўзи очилгани шу эмасми?! Минглаб фуқаролар, оилалар қўшимча даромад соҳиби бўлади. Тўғри, 50-60 бош товуқ билан одам бой бўлиб кетмайди. Лекин ундан келиб турган доимий даромад оила бюжетини мустаҳкамлайди. Бу эса пировардида камбағалликни қисқартиришга яхшигина омил бўлади. Муҳими, хонаки товуқчиликни ривожлантириш лойиҳаси қўшработликлар томонидан яхши кутиб олинди ва сидқидилдан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ҳам етти хазина кўзининг очилиши учун зарур шартлардан бири десак хато эмас. Нима ҳам дердик, жўжани кузда санаймиз.

Норбобо ШАКАРОВ,

                          Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

 P/S. Мақолага нуқта қўяр чоғимда ҳар доимгидек ”свет”  ўчди. Беихтиёр хаёлимни инкубаторлар нима бўлдийкин, деган безовталик чулғаб олди. Ахир улар доимий қувват билан таъминланиши, узилишлар бўлмаслиги лозим, акс ҳолда барча саъй-ҳаракатлар чиппакка чиқади. Шу андиша, ўйлар билан юқорида номи келтирилган тадбиркор танишимга қўнғироқ қилдим.

– Бир амалладим, ака, движогим бор эди, шуни қўшдим,– деди у чуқур хўрсиниб.

Бундан маълум бўлдики, инкубаторларнинг тўла қувват билан ишлаши учун ишончли электр таъминоти ҳам бўлиши керак экан. Бинобарин, Қўшработда амалга оширилаётган хайрли ишларнинг ривожи учун бу муаммони  ҳам ҳал этиш зарурга ўхшайди.