Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманига Венгриядан наслли жўжалар келтирилди

Жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд туманидаги “Навобод Наслли Парранда” фермер хўжалиги томонидан Венгрия давлатининг “АВИАГЕН К.Ф.Т.” компаниясидан 216 минг 465 бош “РОСС-308” кроссли наслли жўжалар келтирилди. Ўрнатилган тартибга кўра, ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатнинг 9 минг сўмини қоплаш учун давлат томонидан 1 миллиард 948 миллион 185 минг сўм миқдорида субсидия маблағи ажратилди.

Ушбу хўжалик ҳудуддаги кўп тармоқли фермер хўжалиги ва йирик экспортёр корхоналардан бири ҳисобланади. Ҳозирда бу ерда 300 минг бош наслли парранда боқилмоқда. Корхона томонидан ойига 2 миллион донадан ортиқ наслли жўжа етиштирилиб, республикамизнинг қарийб барча паррандачилик корхоналарига етказиб берилмоқда. Андижон, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида ҳам корхона филиаллари фаолият юритмоқда.

Дастлаб наслли жўжалар германиялик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган бўлса, ҳозирда корхона қошидаги инкубация цехида жўжаларни очириш йўлга қўйилган. Хорижнинг замонавий ускуналари ёрдамида ҳар 100 тухумдан 90-95 та жўжа очиришга эришилмоқда.

Хуршид ХУРРАМОВ,

Агроинспекциянинг Самарқанд

туман бўлими катта инспектори.