Ғўслик ёш ҳуқуқшунос АҚШда миграция муаммоларини тадқиқ этмоқда

Муҳаммад Ҳақбердиев Ургут туманининг Ғўс қишлоғидан. У 2022 йилда Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро ҳуқуқ факультетида таҳсил олган.

Ҳозирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг АҚШдаги координатори сифатида валонтёрлик фаолиятини амалга оширмоқда.

Муҳаммад ассоциациянинг дунё мамлакатларидаги иммиграция билан боғлиқ жараёнлар ва унда ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги масалалар тадқиқига оид “Мусофир” мобил иловасини ишлаб чиққан. Шунингдек, “Хавфсиз миграция” ҳамда “Сайёр қабуллар” лойиҳалари доирасида хориждаги ёш ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий ҳолати ҳамда юзага келаётган муаммолари ўрганилиб, иммиграция ва ёшлар соҳасидаги ташкилотлар билан дипломатик ҳамда ишчи алоқалар ўрнатилиши учун изланиш олиб боряпти. Ҳозирга қадар у яратган лойиҳалар натижаларидан хориждаги ёшларни қўллаб-қувватлашда фойдаланиб келинмоқда.

- АҚШдаги тадқиқотларим Ўзбекистонда 2020 йилларда бошланган изланишларнинг давоми бўлиб, улар асосан миграцияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш тизимларини яратишга қаратилган, — дейди Муҳаммад Ҳақбердиев. — Бу борада, айниқса, “Сайёр қабуллар” лойиҳаси асосида олиб борилган изланишлар алоҳида аҳамиятга эга. 2022 йилда Жанубий Кореяда бўлиб, Сеул, Кванжу, Чонан ва Тежон шаҳарларидаги ўзбек муҳожирларининг муаммоларини ўргандик. Бунинг натижаси ўлароқ, таклифлар ишлаб чиқиб, бир қатор ташкилотларга киритдик. 2021 йилда Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарларида худди шу масалада ташриф буюрган делегация таркибида муҳожирларимиз дуч келаётган муаммоларни ўргандик ва дахлдор ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйдик.

- Илмий тадқиқотларингиз моҳияти, ўзига хос жиҳатлари нимада? Уларнинг натижалари ҳақида нималар дея оласиз?

- Тадқиқотларимга асосан талабалик йилларимда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти қошидаги “Ёш ҳуқуқшунослар” клубига аъзолигим туртки бўлган. Бу даврда биз кўп марта депутатлар ва хорижий ташкилотлар вакиллари билан учрашганмиз. Шу учрашувлардан бири — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ташкил этилган муҳокамада устозларимиз ва соҳа мутахассислари томонидан миграция ва иммиграция ҳуқуқи соҳасида бораётган жараёнлар, айниқса, Ўзбекистон нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш долзарблашаётгани таъкидланган эди. Шундан менинг илк изланишларим бошланди.

Ишнинг энг қизғин пайти “Хавфсиз миграция” лойиҳаси тренингларининг вилоятлараро бориши бўлган, дея оламан. Бунда миграция жараёнларини тартибли ташкил этишга йўналтирилган “4 модул” ўқув дастурини ёшлар етакчилари ва ёшларга ўқитганмиз. 

Ёшларимиз асосан меҳнат ва таълим миграциясига чиқиб кетган. Уларнинг катта қисми Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Кореяда. “Сайёр қабуллар” ва “Хавфсиз миграция” лойиҳаларининг биргаликдаги натижаси ўлароқ, мамлакатимиздаги 10 мингга яқин ёшлар етакчиларини биз ишлаб чиққан хориждаги ёшлар билан ишлаш тизимига ўтказиш орқали 268 минг нафар ёшлар билан алоқа ўрнатиш ва кўпчилигининг муаммоларини ечишга муваффақ бўлганмиз.

Тажрибамиз шуни кўрсатадики, хорижга таълим олиш учун кетувчилар асосан икки турга бўлиниб қолган. Биринчиси, нуфузли ОТМларга интилувчилар. Улар юқори салоҳиятга, тил билимлари ва ҳар томонлама кенг дунёқарашга эга ва муаммоларга дуч келиш эҳтимоли жуда паст. Иккинчиси, ўрта ёки паст мавқели ОТМларга кетувчилар. Аксариятининг тил билими даражаси паст. Олийгоҳга ўқишга киришда одатда консалтинг фирмалари хизматидан фойдаланишади. Улар кетма-кет юзага келувчи муаммолар гирдобида қолиши мумкин.

“Мусофир” мобил иловаси ҳақида батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, унда асосан хориждаги меҳнат ва таълим миграциясида бўлган фуқароларимизга хорижга чиқиш жараёнлари ва қоидалар тўплами сифатида давлатлар кесимида маълумотлар базаларини шакллантириб берганмиз. Лойиҳамизга оғир вазиятда қолган ватандошларимизга хайрия маблағларини тўплаш орқали ёрдам бериш функцияси ҳам қўшилди.

Нусрат БОБОЕВ.