“Green Card” ютган қизга уйланасизми?
Иштихонлик А.Х. Пайариқ туманида яшовчи М.Ф.га ана шундай таклиф билдириб, уни бу орқали Америка қўшма штатларига бориб ишлашига ишонтиради. Ушбу масалада унга ёрдам беришини айтиб, 2018 йил апрель-август ойларида М.Ф.нинг отаси Б.Н.дан 9500 АҚШ доллари олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Иш хамирдан қил суғургандек кечаётган эди. Ҳатто Жиззах вилояти Дўстлик туманида “Green Card” ютган қиз топилиб, унинг розилиги билан 2018 йилнинг 25 июль куни М.Ф. билан никоҳ тўйи ҳам бўлиб ўтади. Аммо “Йўли бузуқнинг ёқаси йиртиқ” эмасми, А.Х.нинг фирибгарлик ортидан бойиш орзуси чиппакка чиқди. 2018 йилнинг сентябрь ойида АҚШ элчихонасидан рад жавоби олган М.Ф.нинг отаси ундан пулларини қайтариб беришни талаб қилди. Зўрға 1000 доллар пулни қайтарган фирибгарнинг қолган пулни бера олмаслиги маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судининг яқинда ўтган очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши атрофлича кўриб чиқилди. А.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг 2020 йил 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди бўйича тайинланиб, ўталмай қолган жазо мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшилиб, узил кесил ўташ учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Мана шундай фирибгарларнинг тегирмонига сув қуядиган кишилар ҳалиям борлигидан таажжубга тушасан, киши. Ота-боболаримиз келин танлашда қуда томоннинг етти пушти билан бекорга қизиқмаган. Америкага чиптаси бор қизларнинг насл-насабини суриштирмай, “бор барака” қилиш, ҳали жисми-ю жони, онги мурғак ёшларнинг умрини пулга чақиш ҳеч қайси мезонларга тўғри келмайди. Моддий аҳволини бўлажак келиннинг мавқеи ёки бойлиги эвазига тиклашга уринаётганлар кейинчалик мана шу йигитнинг “уддабурон” отасидек бошини чангаллаб қолмайди, деб ким айта олади?
Х.КЕЛДИЯРОВА,
жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди судьяси.