Гумондорни ўлдириб қўйган 5 нафар собиқ ИИБ ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Жорий йилнинг январь ойида Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю.А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди биносида «Чироқчи воқеаси» айбдорларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу жиноят иши Олий суд судьяси К.Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э.Эргашев ва Р.Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 21 сентябрдаги ҳукмига кўра:

Н.Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми «а», «б» бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А.Жанқабилов Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ш.Раҳмонов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. Ш.Раҳмоновнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми «а», «в», «г» бандларига қайта квалификация қилинди. Ш.Раҳмонов Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «а», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А.Тожиноров Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг «д» банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. А.Тожиноровнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми «а», «в», «г» бандларига қайта квалификация қилинди. А.Тожиноров Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «а», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б.Ғайратов Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.