Гувоҳноманинг амал қилишини тиклаш автоматик тарзда бажарилади

7 май куни сайтимизда “Бўлди ажаб ҳангомалар: “Маҳалла” жамғармасининг солиқдан қарзини ХДП тўлаши керакми?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси мазкур мақола юзасидан қуйидагича изоҳ берди:

"Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 595-сонли қарорининг 1-иловаси билан “Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Мазкур Низомга мувофиқ, солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг фаолияти автоматлаштирилган тизим орқали таҳлилдан ўтказилиши ва солиқ хавфининг юқори, ўрта ҳамда паст даражаларига ажратилиши белгилаб қўйилган.

Тизимда, фақатгина солиқ хавфининг юқори даражасига тушган солиқ тўловчиларнинг ҚҚС гувоҳномалари ушбу камчиликлар бартараф этилгунга қадар автоматик равишда вақтинча тўхтатилиши (нофаол) белгиланган.

Бунда, солиқ тўловчининг раҳбари бир вақтнинг ўзида бошқа солиқ тўловчида (юридик шахсда) раҳбар бўлиб, ушбу солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлганда солиқ хавфи юқори даражага тушади.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгашининг раҳбари Б.Насриев муқаддам Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгашининг раҳбари бўлган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашида пеня суммалари тўланмасдан қолган. Натижада, солиқ хавфи юқори даражаси сифатида дастурий маҳсулда шаклланган.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан (мавжуд солиқ қарзи ва пенясини тўлаш) сўнг, солиқ органи томонидан бир кун ичида гувоҳноманинг амал қилинишини тиклаш автоматик тарзда амалга оширилади.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.