Ғузорда «қовун дарахти» етиштириш оммалашмоқда

Гап тропик дарахт ҳисобланган папайя ҳақида бормоқда. У юртимизнинг иқлим шароитига хос эмас, аммо «қовун дарахти» омилкорлик туфайли ғузорлик иссиқхоначиларнинг анъанавий экин турига айланмоқда.

Ғузор туманининг Тугал қишлоғида истиқомат қилувчи Ўрол Турсуновнинг иссиқхонасида ҳозирги пайтда папайя жуда чиройли тусга кирган. Мўъжаз боғга кирган кишининг қайтиб чиққиси келмайди. Қарийб 2 сотих боғда йигирма тупга яқин папайя дарахти гуллаб, ҳосилга кирган.

— Иссиқхона ҳарорати плюс 10 даражадан юқори бўлганида папайя тинмай гуллайверади, — дейди Ўрол Турсунов. — Ҳосилиям яхши бўлади. Фақат меҳнатидан қочмаслик керак. Иссиқ иқлимда ўсгани боис иссиқхона шароитига яхши мослашади. Аммо касалликка тез чалиниб, бирдан қуриб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу боис бу ўсимликка ўта эътиборли бўлиш талаб этилади. Бу «қовун дарахти»нинг доривор хусусияти кўп. Организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлашда, овқат ҳазм қилишни яхшилашда, ҳатто бепуштликда нафи катта. Яхши парвариш қилинса, бир тупидан 100-200 донагача мева беради.

Папайя пишганида пўсти олтин рангга киради, ичи эса зангори, мазаси ва ҳиди янги узилган қовунни эслатади. “Қовун дарахти” дейилиши ҳам шундан. Маълумотларга кўра, папайянинг мингдан ортиқ нави бўлиб, қайси мамлакатда ўсишига қараб нафақат мевасининг кўриниши, балки мазаси ҳам фарқ қилар экан. Бироқ уларни бир хусусият бирлаштириб туради - саломатлик учун фойдалилик.

- 100 грамм папайяда 26-74 калориягача энергетик қувват мавжуд бўлади, - дейди Ў.Турсунов. - Таркибида глюкоза, фруктоза, органик кислоталар, оқсил ва турли витаминлар сероб.

Аҳад Муҳаммадиев.