"Ҳаж-2025" мавсуми бошланди

Бу йилги Ҳаж мавсумида вилоятимиздан 930 киши 19 гуруҳга бўлиниб, муборак зиёратни амалга оширади.

Элликбошилар билан жами 950 нафар самарқандлик Ҳаж амалларини бажариб қайтади. Улар жорий йилнинг 26-28 май кунлари Самарқанд халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетиши режалаштирилган бўлиб, бугун эрталаб биринчи махсус авиарейсда 245 нафар зиёратчи жўнаб кетди.

- Ёшим 70 дан ошган, - дейди булунғурлик Дилором ая Сафарова. – Кўп йиллардан бери муборак зиёратни амалга оширишни орзу қилардим. Бундан бир неча йил илгари, коронавирус пандемияси даврида ёшга доир чекловлар қўйилганда ҳожи бўлиш армонга айланиши мумкинлигини ўйлаб, роса сиқилгандим. Аммо кейинчалик чекловлар бекор қилиниб, мана бу йилги мавсумда муборак зиёратни амалга ошириш насиб этганидан хурсандман. Ибодатлар чоғида бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Аллоҳдан юртимизга файзу барака, халқимизга фаровонлик, фарзандларимиз бахти, камолини сўрашни ният қилганман.
“Ҳаж – 2025” мавсумида самарқандлик зиёратчилар учун барча қулайликларга эга бўлган 4 та махсус авиарейс йўлга қўйилмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ.