Ҳаж ва Умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлишлари керак

Президентимизнинг бу даъватини ҳожиларимиз ўзларига дастурул-амал қилмоқдалар.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йил 5 июнь куни Мусулмонлар идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилганда Ўзбекистонга қайтгач, ҳожилар жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирди.

Бугунги кунда ҳожи тўй, маърака ва маросимларда динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, кимўзарга пойга ўйнаётган айрим инсонларнинг қилаётган хатти-ҳаракатларини кузатадиган бўлсак, ҳеч қайси меъёрларга тўғри келмаётганлигини кўришимиз мумкин. Зеро, «Исроф ва дабдабабозлик - тараққиётимиз душманидир».

Шундан келиб чиқиб, Президентимиз ва Мусулмонлар идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаровнинг телефон орқали мулоқотининг икки асосий жиҳати ҳақида тўхталмоқчиман:

Биринчидан, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар домла илгари сурган ташаббус, яъни ҳожи тўйлар ўрнига 150 минг хонадонга бахт олиб кириш ғояси. Бугунги кунда юртимизда ва дунёда ёрдамга муҳтож бўлган инсонлар бор. Мол дунёсида кенгчилик бўлган инсонларнинг бойлигини тўғри тасарруф қилиб, уни исроф қилиш ўрнига халққа манфаати етадиган ишларга ва ёрдамга муҳтож бўлганлар учун ишлатар экан, ҳам ўзининг молига барака киради, ҳам жамиятни тараққий топтириб, ёш авлодга ўрнак бўлади.

Иккинчидан, барча ҳожиларимиз юртга қайтганимиздан кейин, Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, «Маънавият тарғиботчиси»га айланамиз, деган эзгу ташаббусни бир овоздан илгари сургани. 2023 йил 22 декабрь куни республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида  Президентимиз  «Зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак», деб таъкидлаган эди.

Таъкидлаш лозимки, юртимиз бўйлаб муқаддас байрам Қурбон ҳайити кезиб юрган айни дамларда ўзбекистонлик ўн беш минг нафар киши муборак Ҳаж зиёратида юртимизга тинчлик, келажак авлодларимизга комиллик сўраб тоат-ибодат қилмоқдалар. Ҳаж зиёратида бўлиб турган ҳамюртларимиз муқаддас Ҳаж сафаридан қайтгач, маҳаллалардаги нотинч оилаларни яраштириш, янги оила қурган келинларга ўз йўл-йўриқларини ўргатиш, оммавий йиғинларда Ҳаж зиёрати таассуротларини сўзлаб бериб, оммани дину диёнатга чорлаш каби масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олдилар.

Биз, маънавиятчилар эса келгусида олдимизга қўйган мақсадларимизни биргаликда бажариш, Самарқанд вилоятида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш учун ҳожи бобо-бувиларимизга доимо елкадошмиз.

Дилшод Исмоилов,

республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.