Ҳам таълим, ҳам касб ўрганаётган ўқувчилар
Яқинда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар Самарқанд шаҳридаги 61-мактаб-интернати фаолияти билан танишди.
Эшитишда нуқсони бор ўқувчилар учун махсус таълим берадиган ушбу мактабда бугун 361 нафар ўқувчи ўқимоқда.
Биз ўқувчиларга ҳам таълим берамиз, ҳам касб ўргатамиз, - дейди мактаб директори Гуляра Иргашева. – Улар ўз қобилиятини қўл меҳнати билан бажариладиган касблар орқали кўрсата олади. Шу сабабли мактабда рассомлик, кулолчилик, дурадгорлик, чилангарлик, каштачилик, зардўзлик, ошпазлик, роботатехника каби тўгараклар ташкил этилган.
Гуляра опа 41 йил олдин ушбу мактаб-интернатда илк бор кутубхоначилик вазифасида иш бошлаган. Кутубхона ходимидан мактаб интернат директорлигигача бўлган босқични босиб ўтган опа эшитишида нуқсони бор болалар билан қандай ишлашни пухта ўзлаштирган.
Ўқувчиларим эртага мустақил ҳаётга қадам қўйганида қийналиб қолмаслиги керак, - дейди Гуляра опа. – Шунинг учун уларнинг қизиқишига қараб тўгаракларда касб-ҳунар ўргатамиз. Масалан, тикувчилик тўгарагида қизлар тикиш билан бирга каштачилик, зардўзлик ҳунарини ҳам ўрганади. Деворларга илинган кашталарни ўқувчиларимнинг ўзлари тикишган. Баъзида улар ўзлари тиккан кашталарни уйига олиб бориб ота-онасига кўрсатишни исташади ва биз бунга рухсат берамиз.
Мактаб-интернатнинг ўқувчилари томонидан ясаган ва тиккан буюмлари кўргазма ва танловларда қатнашиб келяпти. Журналистлар иқтидорли ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар билан танишди. Рассомлик тўгарагида бир-биридан чиройли суратларни томоша қилишган бўлса, кулолчиликда тарихий обидаларимиз сурати туширилган безакли маҳсулотларни кўздан кечиришди.
- Шу мактабни тугатиб кетган собиқ ўқувчим Ойгул Убайдуллаева яқинда мактабимизда иш бошлади. У ўқувчиларга миллий қўғирчоқлар ясашни ўргатяпти, - дейди мактаб-интернат директори. – Ўқувчилар ясаган маҳсулотларни бозор ва ярмаркаларда сотишни ҳам режалаштиряпмиз.
Мактаб-интернатнинг ҳар бир тўгарагида машғулотлар қизғин кетяпти. Масалан, роботатехника тўгарагида ўқувчилар ўз қўллари билан ясаган қурилмаларини мобил телефонидаги дастур орқали ҳаракатлантираётган бўлса, информатика ва ахборот технологиялари хонасида ўқувчиларга турли дастурлар ўргатиляпти. Хуллас, мактаб-интернат ўқувчилари ўзлари севган касб-ҳунарни пухта эгаллаяпти. Бу ерда касб-ҳунар ўргатиш ва таълим-тарбия бериш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.