Ҳамкорлик истиқболи муҳокама этилди

Вилоят ҳокими Т.Жўраев меҳмонларни Самарқандга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ташрифда эришилган келишувлар асосида меҳнат миграцияси масалалари бўйича томонлар кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва жўнатиш маркази фаолият кўрсатмоқда.

Делегация раҳбари – Россия давлат думаси депутати А.Журавлев ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар кенгашининг миграция масалалари ва чет эл фуқароларини ижтимоий-маданий мослаштириш комиссияси раиси А.Паскачев Ўзбекистондан бораётган меҳнат мигрантларини Россия қонунчилиги билан таништириш, уларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Россиялик меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва жўнатиш маркази ҳамда Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор масканларни зиёрат қилди.

Б.МУСТАНОВ.