Ҳақ тўланадиган жамоат ишида ким ишлайди?
Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг реал даромадлари ва турмуш фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилгач, бу борада ишлар ўз самарасини бера бошлади.
Аммо кўпчиликда "Жамоат ишларининг ўзи нима, ишга жойлашиш учун кимга мурожаат қилиш керак, ҳақ тўлаш тартиби қандай бўлади, қанча тўланади, меҳнат шартномаси қанча муддатга тузилади?", деган саволлар туғилиши табиий. Шу ва бошқа саволлар билан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муҳиддин ХолиҚовга мурожаат қилдик.
– "Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом"га кўра, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини жалб этиш мумкин бўлган, алоҳида тайёргарлик ва малака талаб қилмайдиган меҳнат фаолияти жамоат ишлари, деб аталади, – дейди М.Холиқов. – Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига шаҳар, туман, аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш, уй-жойлар, инфратузилма объектлари, кўчалар, йўллар ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, ногиронлар, кексалар, беморларни парваришлаш каби ишлар киритилган.
Мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, маҳсулот тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш, саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги ишлар, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам жамоат иши ҳисобланади.
– Кўпчиликни қизиқтирадиган асосий масала: ишчиларга ким иш тайинлайди ва уларга маош қандай тўланади?
– Жамоат ишларига туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат қилган фуқаролар йўлланма асосида юборилади. Агар иш берувчи бюджет ташкилоти ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлса, иш ҳақи бўйича тўловлар 100 фоиз миқдорида мазкур жамғарма томонидан тўлаб берилади. Агар иш берувчи тадбиркорлик субъекти, нодавлат нотижорат ташкилоти бўлса, бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси асосида юборилган фуқарога иш ҳақининг 50 фоизини тўлайди. Қолган 50 фоизи жамғарма ҳисобидан қопланади. Бунда иш ҳақининг жамғарма томонидан қопланадиган қисми энг кам ойлик иш ҳақининг икки ярим баробаридан ошмаслиги керак. Амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ жамоат ишларида ишлаётган фуқароларнинг ойлик иш ҳақи миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробаридан кам бўлмаслиги керак. Аммо иш берувчи ишнинг даражасини ҳисобга олиб, ойлик маошини энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача миқдорда белгилаши мумкин. Муҳими, жамоат ишида ишловчилар жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан олган даромадлари бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
– Жамоат ишларига фуқароларни жалб этишда маҳалланинг ўрни қандай?
– Маҳалла йиғинлари томонидан ишсиз ва кам таъминланган фуқаролар рўйхатга олиниб, бандликка кўмаклашиш марказларига буюртмалар берилади. Ҳокимликлар билан бирга ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини кенг жалб этган ҳолда жамоат ишларини манзилли ва тизимли равишда ташкил этиш, сифатли, тўлиқ ва самарали бажариш чоралари кўрилмоқда.
– Бу тажриба вилоятимизда қачондан бошлаб жорий этилди?
– Ушбу тартиб 2017 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб тажриба тариқасида Паст Дарғом туманида ўтказилди. Туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича маҳалла, корхона-ташкилотлардан келиб тушган 95 та буюртма асосида ноябрь ойида 1268 нафар, декабрь ойида эса 1173 нафар ишсиз вақтинчалик иш ўрнига жойлаштирилган. Уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 500 минг сўмни ташкил этган бўлиб, бунинг учун жамғарма ҳисобидан 745,5 миллион сўм сарфланган.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ҳақ тўланадиган жамоат ишлари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилди. Ҳозиргача иш берувчилардан 616 та буюртмалар келиб тушган бўлиб, улар асосида 3993 нафар фуқарога 40 турдаги иш ўринлари яратилди. Улардан 2284 нафари кам таъминланган оилалар аъзолари бўлса, 170 нафари коллеж битирувчилари, 12 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлардир.
– Ҳақ тўланадиган жамоат ишларида меҳнат қилиш учун иш берувчи ташкилотлар билан шартномалар қанча муддатга тузилади?
– Бу ишга жойлашиш учун ишсиз фуқаролар туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилишлари керак бўлади. Мазкур марказлар фуқаролар рўйхатини шакллантириб, уларга мос келадиган, яъни уйига яқин, касбига мувофиқ келадиган ишларни таклиф этишади.
Ўз навбатида, иш берувчилар ҳар ойнинг 15-санасига қадар туман бандликка кўмаклашиш марказига буюртма берадилар. Жамоат ишларини ташкил қилиш учун шартномалар 2 ҳафтадан кам бўлмаган, лекин 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартнома муддати тугагач, иш берувчи яна қайта буюртма бериши мумкин.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг ташкил этилиши вилоятимизда ишсизлик муаммосини бартараф этиш билан бирга, оилаларни реал даромад билан таъминлаш, ҳудудларни доимий равишда тоза-озода сақлаш имконини беради. Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари бу тартибдан унумли фойдаланишса, арзон ишчи кучига эга бўлади.
Яна бир гап. Ҳақ тўланадиган жамоат ишида иштирок этган фуқаронинг иш даври меҳнат стажига қўшилади ва меҳнат дафтарчаси юритилади.
Вилоятда жамоат ишларини самарали ташкил этиш мақсадида жамғарма томонидан ҳар бир туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига "Damas" русумли автомашина берилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ
суҳбатлашди.