Ҳар бир масала пишиқ ва аниқ бўлиши керак
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Дастлаб, бир қатор масалалар бўйича Кенгаш қарорлари қабул қилинди. Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлик ўрни бўшаб қолган 29-Қорадарё ва 41-Мевали сайлов округларида 2022 йил 29 май куни сайлов ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш бўйича тақдимотни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, вилоят ҳудудидаги чегара зонаси ва чегара минтақасини тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил I чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан, жумладан, Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этилган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш учун 1004,2 миллион сўм, Каттақўрғон шаҳар "Ноқис" маҳалласидаги ҳоким ёрдамчисининг ташаббуси билан ушбу маҳалла фуқоролар йиғинида кутубхона ташкил қилиш учун 50 миллион сўм, Самарқанд шаҳар марказий ва ички кўчаларини таъмирлаш мақсадида зарур бўлган майда заррали асфальт қопламаси харид қилиш учун 2 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов ёшларга оид давлат сиёсатининг вилоятда амалга оширилишини рейтинг баҳолашнинг натижалари тўғрисида ҳисобот берди.
Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги қарори билан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилган. Унда, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ёшлар соғлиғини сақлаш, ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш каби 9 йўналишда 44 та банддан иборат устувор вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалар ижроси тегишли бошқармалар, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан таъминлаб келинаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, айрим муаммо ва камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилиб, уларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Д.Шакарбоевнинг ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилда вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида 12,6 триллион сўмлик 8,3 мингдан ортиқ йирик ва кичик лойиҳаларни амалга ошириш ва 214 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида жами хизматлар ҳажми 5,3 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Мазкур соҳада 47,6 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, бу борада белгиланган режа 110 фоизга бажарилди. Жумладан, маҳаллаларда 21 турдаги ва туманларда 71 турдаги энг зарурий хизматлар бўйича 2835 та шохобча ташкил этилди.
Аммо айрим ҳудудларда хизматлар соҳасини ривожлантириш, мазкур тармоқда аҳоли бандлигини таъминлашга етарли даражада эътибор қаратилмаётгани қайд этилди.
Масалан, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2020-2021 йилларда вилоят бўйича умумий майдони 12,5 гектар бўлган 1336 та ер участкаси аукцион савдоларида тадбиркорларга сотилган. Афсуски, ўрганиш жараёнида 112 та ер участкасида (4,7 гектар) бугунги кунга қадар қурилиш ишлари бошланмаган. Жумладан, Пайариқда 50 та, Паст Дарғомда 20 та, Самарқанд шаҳрида 14 та, Самарқанд туманида 13 та ер участкасида лойиҳа бўйича ишларга киришилмаган.
Ҳисобот муҳокамаси давомида депутатлар ва мутасаддилар йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, лойиҳаларни фойдаланишга топшириш орқали белгиланган кўрсаткичларга эришиш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Депутатлар вилоят ҳокимлиги ижро-назорати гуруҳи раҳбари З.Раҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳисоботини эшитдилар.
- Президентимизнинг қарор ва фармонлари ҳамда ташрифлари давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ijro.gov.uz тизими орқали вилоятимизга 1014 та ҳужжат асосида 7614 та топшириқ келиб тушган, – деди З.Раҳимов. – Бугунги кунда аксарият топшириқлар ижроси таъминланган. Аммо айримлари ўз вақтида ижрога қаратилмаган. Мисол учун, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 майдаги қарори билан Булунғур туманидаги “Юқори нуқта” ЙПХ ҳамда Ургут туманидаги “Омонқўтон” ЙПХ стационар постларидан 22,0 минг метр квадрат ер майдонини тадбиркорлик субъектларига ажратиб бериш топшириғи мазкур туманлар ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари томонидан ҳалигача бажарилмаган. Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги ПҚ–5117-сонли қарори билан хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари асосида халқ таълими тизимидаги 55 нафар ўқитувчига замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмалар сотиб олиши учун белгиланган 1 миллион сўмдан пул маблағлари вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тўлаб берилмаган.
Муҳокама чоғида топшириқларни ўз вақтида бажармаган масъуллар огоҳлантирилиши ва кейинги сессияларда ушбу масала тегишли мутасаддилар иштирокида яна кўриб чиқилиши белгиланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – Нарпай тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Раҳмонов ва сектор раҳбарларининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра туман ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи айрим сектор раҳбарлари йўқлиги сабабли кейинги сессияларда кўриладиган бўлди.
Тойлоқ туманида маҳаллабай ишлаш ва маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан туман маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Ж.Турсуновнинг ҳисоботи ҳам депутатларни қониқтирмади. Марказларнинг ҳоким ёрдамчилари ишини тизимли ташкил эта олмаётгани, айрим ёрдамчилар фаолиятида жиддий хато ва нуқсонларга йўл қўйилаётгани қайд этилди. Шу сабабли барча туман ва шаҳар маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимлари билан семинарлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.