Ҳаёт сабоқлари: Пушаймонлик

Фақир кўнгли айниб уйғонди. Боши тарс ёрилгудек лўқиллаб оғрир, томоғи қуруқшаб, ташналикдан ичи ёнарди.

- Нази, қаердасан? Сув бер! Вой-вой бошим, ўламан! - Ҳеч ким жавоб бермади. Вақт аллақачон тушга яқинлашиб қолган. Қуёш осмондан олов пуркарди. Фақир гандираклаб, ўрнидан турди. Бир амаллаб ошхонага етиб борди, тиз чўкиб, икки қўли билан челакка ёпишди, ўпкаси оғзидан отилиб чиққудек ҳансираб, ютоқиб сув ичди. Бироз ўзига келгандай бўлди. Хирқираб яна хотинини чақирди.

- Назира, тирикмисан?

Жавоб бўлмади: “Ер ютганми, буни, қаерга гумдон бўлди?”. Жаҳл билан ўрнидан турди, боши гир-гир айланиб, чайқалиб кетди. Девор суяна-суяна уйга кирди.

- Қаердасан? – уй ичига кўз югуртирди. Ҳеч ким йўқ. Кўзи телевизор устидаги қоғозга тушди: “Нима экан?”. Олиб, ёзувга қаради: “Фақир ака, ҳаммаси ҳиқилдоғимга келди, ортиқ сиз билан яшамайман. Биз Нилуфар билан онамникига кетдик, бориб овора бўлиб юрманг. Назира”.

Фақир худди биров бошидан қайноқ сув қуйгандай, кўз олди қоронғилашиб, беҳол ўтириб қолди. Хаёлида кўзлари чарос, сочлари қўнғироқ қизалоғи намоён бўлиб, инграб юборди: “Нилу, она қизим!”.

Назирани севиб уйланганди. Келин-куёвга ҳамманинг ҳаваси келарди. Назира мактабда, Фақир санъат билим юртида дарс беришарди. Улардан бахтиёр одам йўқ эди дунёда. Фақирнинг яхшигина овози бўлиб, тўйларда хизмат қилиб турарди. Бироқ ҳавойи ҳаёт, хазон каби ёғилган пуллар, айш-ишрат уни тўғри йўлдан адаштирди. Назира ҳар оқшом қизчасини бағрига босганча, мижжа қоқмасдан, уни хавотир билан кутиб ўтирарди. Тун ярмидан оққанда қайтган Фақирнинг оғзидан қўланса ароқ ҳиди анқирди. Бора-бора соғлиғига путур етди. Икки-уч кунлаб бедарак кетадиган бўлди. Енгил ҳаёт, базму жамшидлар уни тубанлик сари етакларди. Катта-кичикнинг панд-насиҳати, Назиранинг ёзғиришлари унга кор қилмасди. Кечаги воқеа Назиранинг сабр косасини тўлдирди. Бу гал ҳамтовоқлари Фақирни ўликдек кўтариб келишди, бутунлай эс-ҳушини йуқотган, зўрға нафас оларди. Уни олиб келган отарчи шогирдлари - икки йигит ва бир аёл ҳам зўрға оёқда туришарди.

- Узр, янга, - деди йигитлардан бири каловланиб, устозни сал чарчатиб қўйдикда бугун...

Назира нафрат ва алам билан эрининг тубан ҳамтовоқларини кузатиб қўйди: “Ҳайф сенларга инсон деган покиза ном!”.

...Фақир Назира қолдирган хатни яна бир бор ўқиди. Кўнгил кўчасининг қоронғи сўқмоқлари уни ойдин йўллардан адаштириб, энди ортга қайтиб бўлмайдиган зулмат қаърига итқитганини англади. Афсуски, энди кеч...

Тоғаймурод Шомуродов.