"Ҳайвонмисан, молмисан?..." аёл муаллима ўқувчига ... шундай деди

– Жавоҳга (Жавоҳирга демоқчи шекилли) бақирганига қара: "Эшакмисан, молмисан?...", дейди. Шу аёл кишига, муаллимага ярашадиган гапми? – деди иккинчиси.

Ўз касбининг фидойилари, муҳтарам устозлар мени кечирсинлару ўтган йили бошланғич синф ўқитувчисининг жазавага тушиб, ҳақоратли сўзларни айтаётган видео тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Шу йилнинг 19 январь куни "Facebook" фойдаланувчиси Муаззам Иброҳимова "Эри прокурор бўлган математика фани ўқитувчиси тумандаги мактабларнинг бирига ишга жойлаштирилди. У дарсга кирган саккизта синфдаги икки юздан ортиқ ўқувчи фанни ўзлаштира олмай бир йил давомида "мол", "эшак", "ҳайвон", деган ҳақоратлар билан сийланди", дея пост қолдиради. Жорий йил 18 январда Қозоғистоннинг Актўбе вилоятида рўй берган фожиадан таъсирланган Муаззам Иброҳимова "Энг ёмони, болаларнинг вақтини ўғирлаётган бундай ўқитувчиларни деб Нобель мукофоти олиш мумкин олимлар эмас, ёт ўлкаларда хор бўлиб, ўлиб кетаётган мардикорлар вояга етмоқда", дея фикрини тугаллайди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда пешонасига ручка билан "2" рақами ёзилган ўқувчилар суратлари тарқалди. Ва бу ҳаммасидан ошиб тушди. Техника даври эмасми, ўқитувчилар томонидан таҳқирланаётган бунга ўхшаш ўқувчилар ҳақидаги бир қанча ведиолавҳалар ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўша ўқитувчилар топилиб, жазога ҳам тортилди, лекин бу ҳолат яна давом этмоқда.

Бугунги шиддатли замонда кўнгил деган нарса ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Психологларнинг таъкидлашича, жамоа олдида таҳқирланиш, камситилиш ҳолатлари болаларда ўзига бўлган ишончнинг пасайишига олиб келади.

– Бундай воқеаларни 11 ёшгача бўлган болалар эсидан чиқариши мумкин аммо ўсмирлар камситилганида, таҳқирланганида руҳиятида умидсизлик, қизиқишнинг йўқолиши, баъзан агрессия, шунингдек, ўз жонига қасд қилиш каби мудҳиш жиноятлар ҳам кузатилиши мумкин, – дейди психолог Наргиза Абдуманнопова.

Ўқитувчилардан сўрасангиз: "Устоз беҳудага болаларга бақирмайди. Тинчлантириш учун бошқа чораси қолмагач, овозини кўтаришга мажбур бўлади-да", дейишади. Аммо СамДУ қошидаги академик лицей она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилфуза Тошниёзованинг фикри бошқача:

– Агар ўқитувчи дарсга пухта тайёрланса, ўтилаётган мавзусини ўқувчиларга тўлиқ тушунтириш учун ҳаётий мисоллардан фойдаланса, уларни қизиқтира олса, бошқаришга ҳожат қолмайди. Ўқувчи зерикса ёки мавзуни тушунмаса, тўполон кўтаради. Ўқувчи зерикяптими демак ўқитувчи дарсга тайёр эмас! Билимга, маҳоратга эмас, овозга зўр бераётган ўқитувчилар афсуски орамизда талайгина. Кейинги пайтда ўсмир ёшлар ўз жонига қасд қилгани, оила аъзолари, яқинларига тан жароҳат етказгани ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келяпмиз. Мутахассисларнинг фикрича, бу каби ҳолатлар руҳий жароҳати бор болалар томонидан содир этилади. Болаларнинг руҳиятига етказилаётган жароҳатда айрим ўқитувчиларнинг ҳам ҳиссаси борлиги ачинарлидир. Чунки мактаб инсонга билим, тарбия бериш билан бир қаторда, келажакка умид, ишончни шакллантирадиган маскан ҳисобланади. Ўқитувчилар эса устоз деган шарафли номга муносиб бўлишлари шарт. Шу сабабли, умумтаълим мактабларининг ҳар бир синфларида кузатув камералари ўрнатилиши керак деб ўйлайман. Шунда баъзи ўқитувчилар масъулиятни ҳис этиб, ўзини қўлга олар, эҳтимол.

Зеро, фарзандларимизнинг нафақат жисмонан, балки руҳий камолоти биз учун муҳим. Уларнинг нафсониятига, ғурурига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Бахтигул ҚАРШИЕВА.