Ҳеч ким меҳр, эътибор, эъзоздан четда эмас

Вилоят мусиқали драма театрида 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган хайрия марафонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Хуршид Орипов ва бошқалар иштирок этиб, юртимизда, хусусан, вилоятимизда ногиронлиги бор фуқароларга яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган хизматлар ҳақида тўхталди. Барча учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида белгилангани, бу борада катта вазифалар қилинаётгани таъкидланди.

Тадбир доирасида иштирокчиларга концерт дастури намойиш қилинди.

Имконияти чекланган фуқароларга хайрия тариқасида 10 та аравача, 5 та ҳасса ҳамда эшитиш мосламалари берилди.

- Ижтимоий ходим, маҳалла фаоллари ҳолимиздан хабар олиб турибди, - дейди Самарқанд шаҳри Юксалиш маҳалласида истиқомат қилувчи Ўткир Қудратов. - Яқинда аравача беришди. Ёрдам пулини ҳам оляпман.

Тадбир доирасида иштирокчиларни Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатини ташкил этиш режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар доирасида жойларда ҳам ҳафта давомида қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Хусусан, бугун «Мурувват» ва «Саховат»  интернат уйлари, хонадонларга борилиб, алоҳида эътиборга муҳтожлар ҳолидан хабар олинади, барча ногиронлиги борларга махсус ижтимоий хизматлар кўрсатилади.