Hemis тизимини ҳам ўзимизга мослаштириб олдикми?
Hemis ахборот тизими олий таълим муассасаларининг асосий фаолиятини автоматлаштириш орқали маъмурият ходимлари, профессор-ўқитувчилар ва талабаларига электрон таълим хизматларини тақдим этади.
Hemis тизими 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларида қўлланила бошлади. Ҳозирги кунда 154 дан ортиқ олий таълим муассасаси Hemis тизимига ўтган. Талабалар тизимга бир кунда ўртача 4 соат вақт ажратади. Тизимдан керакли бўлган фан ресурслари: маъруза, семинар, амалиёт, мустақил ишдаги маълумотларни олиб фанларни ўзлаштиради. Hemis тизими 100 баллик системага мослаштирилган бўлиб, ҳар бир фандан талаба йиққан балларни семестр охирида ҳисоблаб беради. Ҳар бир бажарилган мустақил иш мавзусига 20 баллдан берилади. Якуний назорат имтиҳонига кириши учун талаба 24 баллдан 40 баллгача тўплаши зарур, қолган 60 баллни якуний назорат имтиҳонидан тўплайди.
Hemis тизимида дарсга кечикиб келган ва сабабсиз дарс қолдирган талабага “нб” қўйилади. Талаба бетоб бўлса, қолдирган дарси учун тиббий пунктдан 0,96 форма шаклида маълумотнома тақдим этиши лозим. Дарсга кеч қолган талаба эса тушунтириш хати орқали тизим мутахассисига “нб”сини тузаттиради. Тизимдан етарлича балл тўплай олмаган талаба якуний назорат имтиҳонларига киритилмайди.
Имтиҳондан йиқилган талабалар ёзги семестрда бир ой давомида мутахассислар томонидан ўқитилади ва қайта имтиҳон топширишлари учун фаннинг кредит миқдорини тўлайди. Масалан, битта фан 5 кредит бўлса, талаба ўртача 650 минг сўм тўлаб, иккинчи марта имтиҳонга киради. Тизимда талабанинг якуний назорат имтиҳонидан ўтиши учун бир марта имконият берилган. Ўтган йили талабаларга уч мартагача якуний назорат имтиҳонларини топширишга рухсат берилган эди. Талаба имтиҳондан учинчи марта ҳам ўтолмаса, ундан кейин кредит тўлаб қайта ўзлаштирган бўлса, бу йил негадир талабаларга бундай имконият берилмаяпти. Шунинг учун ҳам талабаларнинг асосий қисми мана шу тартибдан норози.
Кредит тўлашга ҳамма оиланинг ҳам шароити кўтармайди. Шу сабабли тизимда якуний имтиҳонларни топшириш учун иккинчи марта имконият берилиши керак. Кредит тўлашим керак деб ишлаб юрган талабаларни ҳам биламиз.
Европа мамлакатларида Hemis тизимида талабалар ўқийди, изланади, билим ва кўникмаларга эга бўлади. Мустақил иш мавзуларини ҳам тизимда топширади. Профессор-ўқитувчилар билан лаборатория ишларини олиб бориб, илмий ишлар ҳам ёқлашади. Кўпроқ вақтини тизимда фанларни ўзлаштиришга қаратади. Талаба дарсга қатнашган, қатнашмаганлигини ҳам тизимнинг ўзи белгилайди. Бизда ҳам Hemis тизими мукаммал ишлаб чиқилиб, талабани ривожланган давлатлардаги сингари ўз касбини севадиган, етук мутахассис бўлиб етишига хизмат қилиши зарур.
Маржона БОБОМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети талабаси.