«Ҳикмат» истилоҳи ва ҳикматгўйлик
Тилимиз қадимий қатламида шундай терминлар мавжудки, улар миллий-умуминсоний қадриятларга доир маъноларни ташийди, маънавий қадриятларимизнинг ўзига хос жиҳатларини акс эттиради. Шулардан бири “ҳикмат” термини ҳисобланади. Араб тилидан ўтган бу термин адабиётимиз тарихида кенг қўлланган. Шу асосда алоҳида шеърият йўналиши ҳам пайдо бўлган.
Адабиётимиз тарихини ўрганишда ҳикматгўйлик муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, ХХ аср бошларида яратилган баъзи тадқиқотларда мазкур масала хусусида ҳам илмий аҳамиятга молик фикрлар баён қилинган. Аммо бу кузатишлар ҳикматгўй шоирлар ва улар меросини ўрганиш борасидаги дастлабки маълумотлардан иборат эди. Тўғри, шунинг учун бўлса керак, баъзи ижодкорлар шахси ҳақида бирмунча тахминий мулоҳаза ҳам билдириб ўтилган. Шу ўринда айтиш жоизки, яқин йилларда олиб борилган тадқиқотларда бу тахминнинг ҳақиқатда тўғри экани эътироф этилди.
Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида Ҳаким ота ҳақида тўхталар экан, ҳикматгўйлик мактабининг асосчиси Аҳмад Яссавий билан ҳам боғлиқ қуйидаги маълумотларни келтириб ўтади: «Ҳаким ота – оти Сулаймондур ва Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг муридидур. Ҳамоноки, бир кун Ҳожа табхе буюрғондурларки, матхабий ўтин етмайдур деб келгандур. Алар асхобға дегандурларки, ёзидин ўтин териб келтурунг ва ул замон ёғин ёғадур экандур. Асхобким, ўтун терубдурлар, матбахға келгунча ёғин жиҳатидин ўтунлар ўл бўлғондур. Ҳаким ота терган ўтунларни тўниға чирмаб, қуруқ келтургандур. Ҳожа ҳазратлари дегандурларки, эй фарзанд ҳакимона иш қилдинг ва аларға бу лақаб андин қолғандур ва Ҳаким отага ҳикмат тили гўё бўлубтур. Андоқки, анинг фавоиди атрок орасида машҳурдир. Ул жумладин бири булдурким:
Тики турғон тўбадур,
Борганларни ютадур,
Борганлар келмас бўлди,
Магар манзил андадур».
Маълум бўладики, ҳикматгўйлик – «ҳакимона иш қилмоқ» билан алоқадор бўлиб, бу йўналишда ижод қилиш, яъни «ҳикмат тили гўё бўлиши» бирор пир таъсирида амалга ошган дейиш мумкин. Чунки мазкур парчада тилга олиб ўтилган «ўтин» билан боғлиқ воқеалар ўз навбатида мажозий характерга эга. Шунинг учун ҳам адабиётшунос И.Ҳаққулов бу ҳақда шундай деган эди: «Ҳаким отанинг фақат лақабга эришиши эмас, унга «ҳикмат тили»нинг «гўё» бўлиши ҳам бевосита Яссавий таъсири билан ҳам алоқадорлигини Навоий фикрларининг ички мантиғи тасдиқлаб турибди. …Ҳаким отанинг терган ўтинларини «тўниға чирмаб» қуруқ келтиргани, бундоқ олганда, нима деган ҳодиса. Наҳотки, шунинг учунгина у ҳаким лақабига мушарраф бўлган бўлса? Бизнингча, унда рамз бор. Бу рамзнинг мазмуни эса Ҳаким ота сиймосида Яссавий ўзининг содиқ муриди, ҳикматлар яратувчи издошини кўрганлигини билдиради».
Шунингдек, академик Б.Валихўжаев «Насойимул муҳаббат»да мазкур тўртликни келтирар экан, Алишер Навоий XV асрнинг иккинчи ярмида Ҳаким ота ҳикматларининг туркийгўйлар орасида шуҳрат қозонганинигина эмас, балки ўша даврдаги нусхасини мисол келтириш орқали ҳикмат мавзуи, унинг шаклий ва тил хусусиятларини ўрганишда бебаҳо бир бадиий ҳужжат қолдирганини таъкидлайди.
Ҳикматларнинг мавзу ва ғоя нуқтаи назаридан ўзига хослиги панд-насиҳат, ўгитлар орқали инсонни тарбиялашга қаратилган бўлиб, асосан ҳикматлар Қуръон ва ҳадис ғояларини шеърий тарзда ифодалашнинг йўли эканлиги Алишер Навоийнинг адиб Аҳмад Югнакий ҳақида билдирган фикрлари баёнида ҳам «…аксар турк улусида ҳикмат ва нукталари шоеъдур. Назм тариқи била айтур эрмиш» тарзида ифодаланган. Шу билан бирга Югнакийдан келтирилган ушбу мисралар ҳам диққатни жалб этади:
Сўнгакка иликтур, эранга билик,
Биликсиз эран ул иликсиз сўнгак.
Алишер Навоий эътиборини тортган бу байтда сўнгак – жисм, илик – жон. Жисм жон билан тирик бўлгани каби жисм ва жондан иборат инсон илм билан тирик, тўғрироғи, у шунга интилмоғи лозим, деган мазмун ифодаланган. Зотан, «эранга билик» яшашнинг бош мақсади.
Байтдаги “билик” сўзи моҳиятан ҳикмат маъносида. Шу ўринда айтиш жоизки, «ҳикмат» истилоҳининг маъно-мазмуни ва унинг ўзбек адабиётидаги синонимлари етарли даражада тадқиқ этилмаган мавзулардан саналади.
Манбаларда берилган изоҳларга кўра, ҳикмат – (а) 1. Ўта донолик, донишмандлик: заковат, ақл-идрок 2. Тагини англаш қийин, яширин бир маъно, яширин бир сабаб: сир. 3. Эск. Айн. Физика, дониш (билмоқ): билимдонлик: фалсафа: тадбир: сабаб, илоҳий илм, моҳият, умумий маънода панд-насиҳат, Ҳаққа мувофиқ сўз, гўзал илм, солиҳ амал: маърифати халойиқи мавжудот: Аллоҳга мутлақ итоат: коинот ва яратилишдаги илоҳий ғоя: илми ладуний каби бир қатор маъноларни беради. Шунингдек, луғатларда бу ўзакдан ясалган «ҳикматжў», «ҳикматбаоб», «ҳикматпараст», «ҳикматпеша», «ҳикматсиришт», «ҳикматсоз», «ҳикматқисм» сингари сўзлар учрайди.
«Тасаввуф луғати»да келтирилишича, Қуръони каримда йигирмага яқин ўринда ҳикмат калимаси зикр этилган бўлиб, улар мана бу маъноларни ифодалаган экан:
- Насиҳат ва ўгит («Бақара» сураси, 23-оят).
- Нозиктаьблик ва илм («Аниқи, биз Луқмонга ҳикмат ато этдик…» «Луқмон» сураси, 12-оят).
- Пайғамбарлик салоҳияти («Бақара» сураси, 251- оят).
- Қуръон сирларини билиш («У ўзи истаган кишиларга ҳикмат берур. Кимга ҳикмат берилган бўлса…» «Бақара» сураси, 269-оят.
Баъзи эътирофларга кўра, бу истилоҳ кўп тармоқли ахлоқ илмининг умумий номи сифатида ҳам ишлатилади. Бунда у, аввало «илми назароий» ва «илми амалий» сингари икки тушунчани ўзида мужассам этган. И.Ҳаққулов «Ҳамдий Ёзарнинг айтишича, ҳикматнинг бошланғичи «илми назарий» эрур. Бироқ бу илм «илми амалий» учун тўлиқ асос бўла олмайди. Шу боис «фақат назарий илм савиясида қолиб амалий ҳикматга (ҳикмати амалийга) эришмаслик шайтонга йўл бермак» деганидир», дейди.
Айтиш мумкинки, Шарқда, хусусан, мусулмон дунёсида «илми назарий» маънавиятимиз сарчашмаси – Қуръон ва ҳадисларга бориб тақалади. «Илми амалий» эса ўша муқаддас манбаларда берилган йўл-йўриқларга том маънода амал қилиш орқали маънавий комилликка эришувни англатади. Бадиий адабиётларда оддий халқ (авом) вакиллари эмас, балки шайх, зоҳидларнинг худбин ёки таъмагир сифатида танқид қилиниши, уларнинг гарчи «илми назарий»да етук бўлсалар-да, амалиётда ҳикматдан тўғри хулоса чиқармаганликлари, «беадаб»лик қилганликларига ишорадир.
Ҳикматнинг бу икки жиҳатини фарқлантириб турувчи яна бир хусусият, «илми назарий» йўл-йўриқ сифатида кўпинча якка шахсга тегишли бўлмаган ҳолда олдиндан мавжуд бўлса, «илми амалий» шахс фаолиятида юзага чиқадиган кейинги жараёндир. Яъни, «шахснинг ахлоқни яхшилаб эзгу ишлар қилишга ўзини одатлантира олишдир».
Эслатиб ўтилганидек, ҳикматнинг бир маъноси фалсафа демакдир. Шунга кўра, уни ҳаким (файласуф) сўзига алоқадор томонлари ҳақида ҳам баъзи фикрлар билдирилган. Кузатишлардан маълум бўлишича, бу қараш ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас. Чунончи, Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида келтирилган ушбу ривоятга эътибор беринг: «Бир кўр ҳазрати Луқмоннинг олдиларига келуб, «агар кўзимни очсангиз, мен Сизга қул бўлурман», -демиш. Ҳаким кўрни маърифат соҳиби эканини билуб, «жоним, кўзингнинг пардасин очмоқ мумкин, лекин назари ибратни очмоқ қўлимдан келмайдур», - демишлар. Кўр: «Ё Луқмон! Сизнинг шуҳратингиз фақат парда очмоқдин иборат бўлса, сизни ҳаким демай табиб демак лозим экан», - деб ҳазрати Луқмоннинг ибрат кўзини очмишдур».
Умуман, «ҳикмат» истилоҳи ва ҳикматгўйлик масалалари чуқурроқ ўрганилиши лозим бўлган муаммолардан биридир.
Х.БЕРДИЕВ,
З.АШУРОВА.