Мумбайлик шифокорлар Самарқандда юрак қон-томир касалликларини даволаш бўйича ҳамкорлик таклиф қилди
Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги “Breach Candy Hospital” клиникасининг юрак қон-томир ҳамда хирургия бўйича шифокор ва мутахассислари Самарқанд шаҳрига келди.
Мутахассислар билан вилоятдаги юрак қон-томир касалликларини даволашдаги тажрибалар билан ўртоқлашган ҳиндистонлик шифокорлар вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасида бўлишди. Бу ерда клиниканинг етакчи мутахассислари ҳамда уларга ҳамроҳлик қилган бизнес ҳамкор Нор Аҳмад тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш мақсадида инвестиция киритиш таклифини билдирди.
Томонлар дастлаб юрак қон-томир касалликлари, жигар, ўпка ва қандли диабет касаллигига чалинган беморлар учун онлайн ҳамда офлайн консультациялар ташкил этиш, жойларда тиббий текширувлар ўтказиш зарурлигини билдиришди.
Сўнгра улар тиббий хизмат пунктларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш клиникаларида бўлишди. "Самарқанд-Флоренция" қўшма корхонаси бош директори Иброҳим Анваров таклифлар юзасидан ўз фикрларини билдирди. Шулардан келиб чиқиб, ушбу соҳалар бўйича ҳудудга инвестиция киритиш имкониятлари кўриб чиқилди.