Томир тортишганда нима қилиш керак?

Томир тортиши бирор касалликдан дарак берадими? Бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаби ва оқибатлари қандай? ССВ матбуот хизмати тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова билан шу мавзуда суҳбатлашди.

— Томир тортиши яна қандай касалликлар аломати ҳисобланади?

— Оёқ тортишиши баъзи сурункали касалликлар белгиси ҳам бўлиши мумкин. Тиббиёт амалиётида кузатилишича, баъзи бир қон-томир касалликлари, умуртқа поғонаси бўғимларида туз йиғилганда, асаб тизими, таянч-ҳаракат муаммолари ва шунга ўхшаш хасталикларда томир тортишиши кузатилади. 

Эътибор бериш керакки, барча мушакларнинг бирдан қисқариши ниҳоятда хавфли ҳолатдир. Бунда танадаги барча мушаклар бир вақтнинг ўзида тортишиб, ҳушдан кетиш ҳолатини келтириб чиқаради. Ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилмаса, оқибати фожиали якун топиши ҳам мумкин.

— Совуқ кунларда соғлом одамнинг ҳам томир тортиши мумкин. Бундай ҳолларда нима қилиш керак?

— Салқин ҳавода оёқ томирлари тортишса, қалинроқ пайпоқ кийинг ёки оёқ учун иссиқ ванна қабул қилинг. Агар одам ўтирганда, юрганда томири тортишиб қолса, бир қўл билан оёқ панжасини ёзиб, болдир мушакларини аста-секин пастга томон силаш тавсия этилади.

Агар оёқ оғриб, увишиб томир тортишиши доим такрорланаверса, қон томирлар ва асаб касалликлари шифокорларига мурожаат қилиш лозим.

Куннинг иссиқ пайтларида оёқ болдирига ва панжага вақти-вақти билан парафин, озокерит, балчиқ қўйиш фойда беради. Тунда оёқ ва товон мушаклари тортишмаслиги учун бир ҳафта давомида овқатланишдан олдин кунига 3 маҳал икки чой қошиқдан асал истеъмол қилинг.

— Қандай даволаш усуллари мавжуд?

- Баъзилар оёқ томирида спазм юзага келаётганини олдиндан ҳис этади. Сиз ҳам улар сафида бўлсангиз, оғриқ қўзғалаётганини сезган заҳотингиз оёқ мушакларини бўшаштиринг.

Шунда ҳам томир тортишиши келиб чиқса, ўтирган ҳолатда оёқ учини ўзингизга қаратиб, 2-3 дақиқа ушлаб туринг. Безовталик ўтиб кетмадими? Ўрнингиздан турингда, аста ҳаракатланинг. Иложи бўлса, оёқяланг, пол устида юринг.

Аввалига терапевт-шифокор кўригидан ўтишингиз тавсия этилади. У шикоятларингиздан келиб чиқиб, эндокринолог, кардиолог, нефролог ва невролог мутахассислар кўригини маслаҳат беради.

Безовталик сабаби соматик патологиялар билан боғлиқ бўлса, тўғри танланган даво чоралари тез фурсатда муаммодан фориғ этади. Мабодо томир тортишиши жиддий хасталиклар белгиси сифатида аниқланса, ташхисдан келиб чиққан ҳолда муолажа қилинади.