Ҳиндистонлик мусулмон намояндалари Самарқандда
Меҳмонлар Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, масканда бунёд этилаётган халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши жараёнлари билан танишди. Шунингдек, Амир Темур, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара мажмуаларини, Регистон майдонидаги тарихий обидаларни зиёрат қилдилар.
– Ўзбекистон ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган буюк алломалар юрти, – дейди делегация аъзоси, исломшунос олим Хваджа Ифтихар Аҳмад. – Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бутун мусулмон оламида ҳурмат билан тилга олинади. Шунингдек, Ўзбекистонда исломни тарғиб қилишга катта эътибор берилаётганлиги таҳсинга сазовор. Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарларда ислом маданиятига оид тарихий обидалар яхши сақланиб қолганлиги эътирофга лойиқ.
Ташриф мобайнида меҳмонларга мамлакатимизда аждодларимиздан мерос тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш, юртимиз сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Б.МУСТАНОВ.