Ҳиқичоқ хавфли касаллик аломати бўлиши мумкин
Тез-тез ҳиқичоқ бўлиши саратон касаллигидан дарак бериши мумкин. Бу ҳақда британиялик шифокорлар маълумотларига асосланиб Еxpress ёзади.
Ҳиқичоқ, одатда, жуда тез ва кўп овқатланиш ёки спиртли ичимликлар ичиш оқибатида пайдо бўлади. Бироқ, баъзи ҳолларда, бу қизилўнгач саратони аломати бўлиши мумкин.
"Агар ошқозон яхши ишламаса ва унинг сабабсиз шишиб кетаётганини сезсангиз, бу саратон белгилари бўлиши мумкин", дейди доктор Ҳусайн Абдеҳ нашрда.
Бир неча соат давом этадиган ҳиқичоқ хуружи шошилинч тиббий ёрдам талаб қилади, дея огоҳлантиради мутахассис.
Қизилўнгач саратони - қизилўнгач шиллиқ қаватида ҳосил бўлувчи ўсимтадир. Ушбу касалликнинг асосий белгилари - аввал қаттиқ, кейинроқ - суюқ овқатни ютиш қийинлашиши ва тана вазнининг тушиши.
Доимий равишда иссиқ, ёғли, қаттиқ овқатни истеъмол қилиш, яхши чайнамасдан ютиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, чекиш, қизилўнгачнинг термик ва кимёвий куйиши қизилўнгач саратонига олиб келиши мумкин бўлган асосий омиллардир.
Овқатдан кейин кўнгил айниши ва қусиш, қизилўнгач пастки қисмида тиқилиш сезиш ва овқат ҳазм бўлмаслиги ошқозон саратонининг дастлабки белгиларидир, дейди олимлар.
Г.Холдорова тайёрлади.