“Ҳоким келяпти, четроқда туринглар!” деган гап ортда қолди

Айни пайтда Иштихон тумани марказидаги истироҳат боғи ва хиёбонлар одамлар билан гавжум. Сабаби “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги фестиваль бугун шу туманда давом этяпти.

- Бундан ўн йилча илгари коллеж талабаси эдим, - дейди Сирожиддин Абдуллаев. – Спорт йўналишида ўқирдим. Адашмасам, Наврўз байрамида спорт ўйинларидан намуналар кўрсатиш учун майдонга борган эдик. Бир пайт биз томонга башанг кийинган 4-5 киши яқинлашди. Улардан олдинроқда 2-3 киши, четроқда турган бўлсак-да, “Ҳоким келяпти, четроқда туринглар!” дея бизни янада четлатишди. Биз, ёшлар ҳоким қайси бирилигини билмай ҳам қолдик. Башанг кийинганлар чиқишларимизга эътибор бермай ўтиб кетди. Ваҳоланки, мураббийларимиз спорт ўйинларимизни ҳоким томоша қилишини айтиб, бир ҳафта тайёрлантирганди. Бугун ёшлар фестивалида туман ҳокими укаларимизнинг елкасига қоқиб, улар билан қўл бериб кўришаётганини, ҳаттоки айрим ёшлар билан шахсан ўзи беллашганини кўриб ҳавасим келди.

Ҳа, бугун туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев ёшлар фестивали доирасидаги ҳеч бир тадбирни эътибордан четда қолдирмади. Айниқса, армрестлинг ва стол тенниси билан шуғулланиб келаётган профессионал спортчи ёшлар, шунингдек ҳаваскорлар билан дўстона куч синашди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.