Ҳоким ота-оналар йиғилишига борди
Кимдир “Нима қилибди? Фарзандининг тақдирини ўйлаб, қайғургани учун бошқа ота-оналар қатори борса, борибди-да”, дейиши мумкин.
Ургут тумани ҳокими М.Турдиевнинг фарзанди тумандаги 136-умумий ўрта таълим мактабида таълим-тарбия олади. Бугун ўғлининг синф раҳбари ота-оналар йиғилишини ўтказди. Кутилмаганда М.Турдиев ҳоким эмас, ота сифатида ушбу йиғилишда қатнашди. У бола таълим-тарбиясига бирор вақт совуққонлик билан қарамаслик, педагог билан ҳамиша ҳамкор ва ҳаммаслак бўлиб, унга кўмаклашиш, айниқса, тарбияда сергак бўлиш лозимлигини бошқа ота-оналарга уқтирди.
Бугун кўпчиликнинг ота-оналар йиғилиши деса, энсаси қотади. Эр-хотин ўртасида “қуръа ташлаш” бошланиб кетади. Битта важ бор: мени ишим кўп, вақтим йўқ...
Афсуски, бунинг оқибатида ҳар чорак тугул, йилда бир бор фарзандининг ортидан сўраб келмаган ота-оналар учраб туради. Бироқ унутмаслик лозим, бугун вояга етаётган ўғил-қизларни биргина мактабнинг ўзи тарбиялай олмайди. Унга таълим ва тарбияни бир пайтда сингдириш, иқтидор ва истеъдодини қўллаб-қувватлаш, эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ота-онанинг назорати, мавқеидан қатъиу назар уларнинг устоз ва мураббийлар билан доимий ҳамкорлиги жуда муҳим.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.