Ҳокимлик фуқаронинг мурожаатини рад этган. Нега?
Вилоят адлия бошқармаси фуқаро Ш.С.нинг манфаатини кўзлаб судга ариза билан мурожаат қилди. Аниқланишича, фуқаронинг туман ҳокими қароридаги хатоликни тузатиш тўғрисидаги мурожаати Ургут тумани ҳокимлиги томонидан рад этилган.
Хўш, муаммо нимада, аслида нима бўлган?
Маълум бўлишича, фуқаро 2020 йилда намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлардан ипотека кредити асосида хонадон харид қилган. Аммо мазкур хонадонга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги туман ҳокимининг тегишли қарорида фуқаронинг исми техник хато туфайли “Шаҳноза” тарзида нотўғри ёзилган.
Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 8 июндаги 6243-сонли Фармонига кўра, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган. Яъни, ҳокимликлар ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколатига эмас. Бироқ туман (шаҳар) ҳокимлари қароридаги техник хатоликларни тузатиш тақиқланмаган.
Фуқаро туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилди ва адлия бўлими мазкур масалани суд тартибида кўриб чиқди. Судда ҳокимлик вакили ҳозирги кунда бундай қарор чиқариш ваколати ҳокимликларда йўқлигини маълум қилиб, судга ариза беришини тавсия қилганини маълум қилди ва суддан амалий ёрдам беришни сўради. Суд ишни батафсил ўрганиб, Ургут тумани ҳокимлиги мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф, деб топди ва ҳокимлик зиммасига туман ҳокимининг 2020 йил 26 июнда тасдиқланган тегишли қароридаги хатоликни бартараф этиш мақсадида ўзгартириш киритиш мажбуриятини юклади.
Вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.