Ургут тумани ҳокими оиласи билан тоғли ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш учун бир тун қишлоқда қолди
Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев ўз оиласи билан қиш фаслида тоғли ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш, қиш фаслида қишлоқ аҳли ҳаёти, оддий кун кечинмаларини ўз кўзи билан кўриш, ҳис этиш учун бир тун қишлоқда меҳмон бўлди, деб ёзади ЎзА.
Туман ҳокими икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан туманнинг энг чекка тоғли қишлоғи Сойғўсда қиш фасли ҳаёти билан яқиндан танишди.
Сойғўс маҳалласи туманнинг тоғли ҳудудидаги энг чекка қишлоғи ҳисобланади. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
“Қишлоқ аҳли одамларига таъзим қиламан. Мени ва оиламни самимий, юракдан қабул қилганлари учун. Қишлоқларда муаммолар ҳам етарли, ҳокимликнинг бу ерларда амалга оширадиган ишлари талайгина. Қишлоқ аҳли билан кенгашиб, ўзим бажаришим керак бўлган ишлар чора-тадбирларини белгилаб олдим, режалар туздим“, дейди Ургут тумани ҳокими.