Ҳоким беморларни йўқлади

Мустақиллик байрами арафасида Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов ва бошқа масъуллар ҳудуддаги эҳтиёжманд оилалар, беморлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табриклади.

Туман тиббиёт бирлашмаси шифохоналарида даволанаётган беморлар ҳокимнинг йўқловидан миннатдор бўлди. Ширин сўзга маҳтал бўлиб турган бу инсонлар раҳбарларнинг табрикларини эшитиб, гўё дардларига дармон топди.

– Узоқ йиллар мактабда болаларга дарс бердим, – дейди тумандаги 121-умумтаълим мактаби собиқ ўқитувчиси Сайёра Сафарова. – Ҳозир пенсиядаман. Фаолиятим давомида таълим тизимига бўлган турлича муносабатларнинг гувоҳи бўлганман. Ўқитувчига паст назар билан қараганларни ҳам кўрдик. Бугун педагогларнинг мақоми юксалиб бораётгани, жамиятда ўқитувчига эҳтиром кўрсатилаётгани, бугун байрам арафасида туман раҳбарлари келиб ҳолимиздан хабар олгани ҳам давлатимиз раҳбарининг эътибори натижасидир. 

Туман ҳокими Ургутда ягона қолган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бўрон Гадоев хонадонида ҳам бўлиб, нуроний отахонни байрам билан табриклади.