Ҳокимлик бузилган мулк учун компенсация пули тўлайди (ми)

Каттақўрғонлик 2 нафар фуқаронинг тумандаги Кадан шаҳарчаси чорраҳасида жойлашган дўконлари туман ҳокимининг қарори билан бузиб ташланиб, компенсация пули тўлаб берилмаган.

Фуқаро С.А. ҳокимликнинг мазкур хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, туман адлия бўлимига мурожаат қилган.

Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори талаблари асосида Каттақўрғон тумани ҳокимининг 2019 йил 25 февралдаги қарорининг 3-бандида турар-жой биноларининг ўрнида замонавий лойиҳалар асосида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши муносабати билан бузилишга тушган биноларни хатловдан ўтказиш, уларни баҳолатиш ҳамда компенсация тўловларини амалдаги тартиб асосида ҳал этиш белгиланган. Бироқ ишчи гуруҳ томонидан бу вазифалар бажарилмаган.

Кадастрлар палатаси туман бўлими томонидан тақдим этилган хатда ҳам ушбу фуқаронинг бузилган дўкони ўрнига ер майдони ажратилгани тўғрисида маълумот мавжуд эмаслиги баён этилган. Яъни, фуқаронинг ҳуқуқлари очиқ-ойдин бузилган. Агар у адлияга мурожаат қилмаганида қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бузилганича қоларди.

Худди шундай ҳолат фуқаро Ғ.Ҳ. билан ҳам такрорланган. Унинг Кадан чорраҳасида жойлашган савдо дўкони бузилиб, тегишли компенсация пули қоплаб берилмаган.


Фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туман судига даъво аризаси киритилди. Суд ишни батафсил кўриб чиқиб, аризани қаноатлантириш, фуқаро С.А. фойдасига 71 миллион 58 минг 593 сўм, Ғ.Ҳ. фойдасига 89 миллион 220 минг 315 сўм компенсация пулларини ундириш ҳақида қарор қабул қилди.

Вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.

***

P/S: Масала ечим топгандек кўрингани билан энди МИБдан асосли жавоб кутамиз. Бунгача ҳам бир неча шу каби хабарларга тизимдан воқеликнинг кейинги ривожи ҳақида ҳеч бир маълумот тақдим қилинмаган. Ўйлаймизки, улар бу сафар жидду-жаҳд билан ишга киришади.