Ҳокимлик соати: Мурожаатларга ўз муддатида жавоб бермаган раҳбарларга интизомий чора кўриш бўйича таклифлар билдирилди

Дастлаб вилоятда Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масала муҳокама этилди. Барча туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг баёнотида белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш, унинг ижросини таъминлаш зарурлиги уқтирилди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда тиббий ниқоблардан фойдаланиш, карантин қоидаларига амал қилиш юзасидан тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ҳудудларни байрам руҳига мос безатиш, Янги йил арчалари ўрнатиш ишлари Қўшработ ва Самарқанд туманлари ҳокимликлари, вилоят маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, вилоят бозорлар уюшмаси томонидан яхши ташкил этилмаётганлиги танқид қилинди. Туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор ва мутасадди ташкилотлар раҳбарларига меҳрибонлик уйлари, SOS болалар маҳалласида тарбияланувчилар учун “Президент арчаси” тадбирини кўтаринки руҳда ташкил этиш ва ўтказиш, чин етимларнинг яшаш манзилларига бориб, уларнинг  ҳолидан хабар олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Туман ва шаҳарлар, корхона ва ташкилотларда байрамга тайёргарлик кўриш, безатиш ишлари вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасаддилар томонидан мунтазам ўрганилиши ва мониторинг қилиб борилиши қайд этилди.

Муҳокама жараёнида вилоят ҳокими бозорларда арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш, нарх-наво барқарорлиги ва истеъмол товарлари барчаси мавжудлигини таъминлаш зарурлигини билдирди.

- Бозордаги нарх барқарорлигини уришиб, сўкиб таъминлаб бўлмайди – деди Э.Турдимов. – Талабга қараб таклифни кўпайтириш, бозорга қўшимча, кўпроқ маҳсулот киритиш керак. Ҳар бир ҳоким, раҳбар ўзи бозорга бориши, нарх-навони кузатиши лозим. Унутмайлик, бозорлар одамлар кайфиятини белгилайди.

Кун тартибидаги иккинчи масала – вилоят ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган режа асосида Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасида ижро интизомининг аҳволи ўрганиш натижалари ҳам муҳокама этилди. Бошқармада иш юритиш, ижро назоратини ташкил этиш, фуқаро ва ташкилотлардан келиб тушган мурожаатларга ўз муддатида жавоб бериш борасида қатор муаммолар мавжудлиги аниқ мисолларда кўрсатиб берилди.

Жиддий хато-камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар кўриш бўйича таклифлар билдирилди. 

Муҳокама якунида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан берилган топшириқлар ижросини қисқа фурсатларда бажариш, йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг бартараф этилганлигини ўрганиб бориш учун масъуллар белгиланди ҳамда жорий йилнинг 28 декабрь куни ижро ҳолати тор доирада муҳокама этилиши белгиланди.