Ҳокимликка номзодлар хорижда малака оширади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиалининг 2025 йил биринчи ярим йиллиги давомидаги фаолият натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Амалга оширилган ишлар бўйича агентликнинг вилоят филиали раҳбари ўринбосари Фозилжон Ахатов ахборот берди.
Таъкидланишича, 2025 йилнинг 1-ярмида агентликнинг асосий вазифаси — давлат хизматига энг муносибларни танлаб олиш йўналишида вилоят бўйича ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг вакант лавозимлари учун 1711 марта танловлар ташкил этилиб, мазкур вакант лавозимларга 72 611 нафар номзодлар ҳужжат топширган. Ҳисобот даврида 757 нафар фуқаро давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган.
Муносиб кадрлар захирасини шакллантириш йўналишида zaxira.argos.uz ҳамда kadrlar.argos.uz платформалари ишга туширилган.
Самарқанд вилоятида 8 нафар вилоят ҳокими ўринбосарларига, 16 нафар туман (шаҳар) ҳокимлари лавозимлари учун 84 нафар номзодлар “Миллий кадрлар захираси”га киритилган. Бунда, 29 нафари вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда 55 нафари туман (шаҳар) ҳокими лавозимлари учун захирага олинган.
Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш йўналишида филиал томонидан 2025 йил 1-ярим йилликда турли соҳаларга оид жами 27 та ўқув курси ташкил этилган. Уларда 1829 нафар ходим иштирок этган бўлса, шундан 356 нафарини аёллар ташкил қилади.
Давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият юритаётган 6 нафар фаол хотин-қизлар учун Давлат бошқаруви академиясида “Раҳбар аёллар мактаби” махсус ўқув курси ташкил этилган.
Янги тайинланган 3 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг лавозимга киришиш (адаптация) жараёнини тезлаштириш мақсадида Жомбой, Нуробод ва Пахтачи туманларида экспресс-тренинглар ташкил этилиб, уларда жами 164 нафар давлат фуқаролик хизматчилари иштирок этди.
Кадрлар захирасига киритилган 4 нафар давлат хизматчилари “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби”, 1 нафар “Раҳбар аёллар мактаби” каби махсус ва бошқа қўшма таълим дастурлари доирасида Туркия, Германия, Венгрия ва Хитой каби давлатларда хорижий стажировкаларда бўлишди.
Масофавий таълим платформаси (edu.argos.uz) орқали 9615 нафар давлат фуқаролик хизматчилари малака ошириб, сертификатларга эга бўлди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилояти филиали томонидан 2025 йил 1-ярим йиллиги давомида давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш, шунингдек, ўтказилган танловларни ташкил этилиши юзасидан ўтказилган 16 та мониторинг ва 3 та (Қурилиш, Инновация, "Давактив") комплекс ўрганиш бўйича 10 та тақдимнома, 2 та огоҳлантириш хати, 9 та ташкилотга маъмурий таклиф чиқарилди. Танловсиз ишга олинган вилоят маданият бошқармаси тизимидаги 3 нафар ходим ишдан бўшатилиб, номзодларнинг танловга қатнашиш ҳуқуқи тикланди. HRMда ишламаган 9 нафар раҳбар 26 млн. 250 минг сўм маъмурий жаримага тортилди.
Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари агентлик фаолияти билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар, тизимни такомиллаштириш борасидаги савол ҳамда таклифларини билдириб, масъуллар билан фикр алмашишди.