Ҳозирча 355 миллион долларлик инвестиция аниқ

Йилнинг номланишидан кўриниб турибдики, иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун фақат инвестицияларни фаол жалб қилишимиз, шу орқали бошқа муаммолар, жумладан, тўпланиб қолган ижтимоий масалаларни ҳал этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу ҳақда Президентимизнинг Мурожаатномасида аниқ режалар белгилаб берилди. Кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар негизида очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу жиҳатдан бугунги кунда инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қи­лиш масаласига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор бериляпти. Яратилган имкониятлар эвазига вилоятимизда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ўтган йили 58,3 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Ҳудудий дастурлар доирасида қиймати 2 триллион 421 миллиард сўмлик 1142 та лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, дастур доирасида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида 29 та лойиҳа учун 31,4 миллион доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 1,5 мингдан зиёд янги иш ўринлари очилди. Масалан, Каттақўрғон шаҳрида "Metall Solution Tech­nologies" қўшма корхонаси томонидан қиймати 1,47 миллион долларлик сантехник фитинглар ишлаб чиқариш лойиҳаси ташкил этилди ва 30 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. Ургут туманида "Smart hygiene facilities" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 1,5 миллион долларлик болалар тагликлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди ва 35 та иш ўрни яратилди.

2018 йилда хорижий сармоя иштирокида 127 та корхона ташкил этилди ва уларнинг вилоятдаги умумий сони 396 тага етди. Бу корхоналар томонидан 5 505,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

2019 йилда вилоятимиз иқтисодиётига четдан сармоя киритиш ва хорижий инвестиция иштирокида корхоналар ташкил этиш, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари ташкил этиш кўлами янада кенгаяди. Жумладан, дастур доирасида қиймати 6 571,7 миллиард сўмлик 894 та лойиҳа амалга оширилиши ва 16 845 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида 69 та лойиҳа амалга оширилади ва 355 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилади. Масалан, Самарқанд шаҳридаги "Азия металл проф" МЧЖда хитойлик ишбилармонлар иштирокида метални руҳ билан қоплаш, қайта ишлаш ва полмеризациялашни ташкил этиш лойи­ҳаси доирасида 16,5 мил­лион доллар, Туркиянинг "APEAS" компанияси томонидан беш юлдузли меҳмонхона қуриш бўйича 20 миллион доллар, "Сино" акциядорлик жамияти фаолиятини тиклаш, музлаткич, конди­ционер, кузатув камералари, LED ёритиш лампалари ва кичик маиший техникалар ишлаб чиқариш лойиҳасига 5,5 миллион доллар ўзлаштирилади. Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги "Intramed" МЧЖ (Ҳиндис­тон)да замонавий клиника ташкил этиш учун 10 миллион доллар, "Агрома" компанияси томонидан (Греция) қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 4 миллион доллар, Иштихон туманидаги "Dong Stoun progress" хорижий корхонаси (Хитой)да табиий тоғ конларини қазиб олиш учун 12,6 миллион доллар (Хитой), Каттақўрғон туманидаги "Hengyuan Сe­ment" (Хитой) қўшма корхонаси томонидан цемент ишлаб чиқариш учун 50 миллион доллар (кейинги йилларда 290 миллион доллар) йўналтирилади. Пахтачи туманида эса "Beijing Xinshi­yuan Technology Development Company LTD" хорижий корхонаси томонидан замонавий иссиқхона ташкил этилади. 12 миллион долларлик бу лойиҳа Хитой инвестицияси орқали амалга оширилади.

Инвестициялар – мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳаракатлантирувчи куч. Улар ёрдамида иқтисодиётнинг юқори технологиялар асосида ривожланиши қўллаб-қувватланади, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, янги иш жойлари яратилади.

 

 Фарҳод МАЖИДОВ,

вилоят инвестициялар бўйича бош бошқармаси бошлиғи.