Ҳужжатлар ҳаракатдами ё фуқароларми?
Бу саволга қуйидаги мақолани ўқиб, жавоб оласиз.
Фуқаролик паспортимнинг амал қилиш муддати тугаётгани сабаб, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказига бориб, алмаштириш учун навбатда турдим. Навбатим етганда, у ерда ишлаётган ходим менинг паспорт рақамимни базадан топа олмади. Сўнг вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига бориб, масалага аниқлик киритишим мумкинлигини айтди.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидагилар мени Самарқанд туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига жўнатишди. Сабаби, биз яшайдиган ҳудуд туманнинг Ўзбеккент маҳалласига қарайди, аслида маҳаллага яқин қурилган, имтиёзли кредит эвазига олинган коттежда яшаймиз.
Хуллас, оворагарчилигимнинг иккинчи куни туман миграция бўлимига бордим. У ердаги мутахассис анча вақт излаб, 2016 йилда уйим учун берилган кадастр ҳужжати рақами 2018 йилда ўзгариб кетганлигини, кадастр рақами бўлмаса паспортни базага киритиб бўлмаслигини айтди. Албатта, навбатдаги манзилга, кадастр идорасига боришим ва янги рақамимни аниқлаб келишим зарур экан.
Мен аввал вилоят кадастр идорасига бордим. У ердагилар осонгина туман бўлими манзилини тушунтиришди. "Ғайрат Ҳусанов деган бўлим бошлиғи ўринбосарига учрашсангиз, масалангизни ҳал қилиб беради", дейишди.
Ҳақиқий бош оғриғи туман бўлимида бошланди. Энг муҳими, кадастр рақами нима сабабдан ўзгарган, ким ўзгартирган, ўзгарган бўлса, янги рақам қаерда, деган саволларга жавоб йўқ. "Уйнинг аввалги кадастр ҳужжати нусхасини олиб келинг", дейишди. "Уни ўзгартирган бўлсангиз, нимага керак?", десам, индамай елка қисишади. Кейин "Туман ҳокимининг қарори керак", деб қолишди. Қарорни топиб келсам, кейин улар вилоят бошқармасига янги рақам олиш учун сўров жўнатишар экан. Ҳали вилоят бошқармасига ҳам қайтиб борсам керак. Айни пайтда ўша қарорни излаяпман. Уйимиз кредитга олингани сабабли, кадастр ҳужжати "Ипотекабанк"да сақланади, насиб қилса, эртага эрталаб банкка бориб, нусха олишга уриниб кўраман. Эртанги саргузаштларимни кейин баён қиламан.
Мени таажжублантиргани, оз бўлса ҳам оқ-қорани танийман. Оворагарчиликларга чидашга ҳаракат қиляпман. Аммо чекка қишлоқда яшовчи ночор ёки боқувчиси йўқ, якка-ёлғизлар шу кўйга тушса, дод деб юборса керак. "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади", деган баландпарвоз иборани айтишга ҳали эртами дейман?..
Нодир Жўрамуродов.