Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда жамоатчилик таъсири қандай?
Х асрда яшаб ўтган улуғ аллома ва шоир Абубакр Абулхайрдан “Ҳақиқат нима?” деб сўраганларида “Ҳақиқат – барча нарсаларнинг илмда зоҳир бўлиши”, деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, илм барча нарсаларнинг ҳақиқатга айланишидир. Инсон эса доим ҳақиқат излаш тарафдори бўлиб келган.
Жиззах политехника институтида бўлиб ўтган республика илмий-амалий конференцияси иштирокчилари ҳам том маънода ҳақиқат изловчилари бўлди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоят “Истиқбол” минтақавий тадқиқот маркази ҳамкорлигида “Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда жамоатчилик таъсирини оширишнинг инновацион омиллари” мавзусида ташкил этилган конференция илм вакилларини бир давра атрофида бирлаштирди.
Тадбирда мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатиб келаётган илм-фан намояндалари, профессор-ўқитувчилар, мустақил изланувчи-тадқиқотчилар, илмий ва оммабоп журналлар муҳаррирлари, магистрант ва талаба-ёшлар иштирок этди.
– Мазкур конференция нафақат танланган мавзунинг долзарблиги, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан уюштирилаётганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади, – дейди Самарқанд давлат университети фалсафа фанлари доктори, профессор Жўрабой Яхшиликов.
Конференция ишида “GloTurLife” халқаро журнали муҳаррири Ҳусан Акбаровнинг “Андижон вилоятининг табиат ёдгорликлари ҳамда унинг муҳофазасига оид чора-тадбирлар” мавзусидаги чиқиши иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар жамият ҳуқуқий маданият, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, бошқарув жараёнида қарор қабул қилишда жамоатчилик таъсирини ошириш, миллий юксалиш шароитида сиёсий партияларнинг роли ва масъулиятини ошириш каби мавзуларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган илмий ходим ва педагогларга махсус сертификатлар топширилди.
Абдуғаффор Абдураҳмонов,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.