“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди“

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 9 январда “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Унга кўра, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила ‒ маҳалла ‒ таълим муассасаси ‒ ташкилот ‒ жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар етказиш тизимини ўз ичига оладиган миллий ҳуқуқий интернет портали ҳамда 2019 йил 1 июлга қадар аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган  Advice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади.

Маҳаллаларда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида тизимли равишда амалга ошириладиган “Ҳуқуқий ахборот куни” лойиҳаси жорий этилади.

2019 йил 1 мартга қадар ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, айниқса, уларнинг онгида коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрланади.

Концепция доирасида болалар учун махсус ҳуқуқий портал яратилади.

 “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” ва “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш” махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича ўргатиш жорий этилади.

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилиб, кўкрак нишони билан ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшган шахслар мукофотланади.