Ибрат: Ҳалол меҳнат қачон бўлса-да, ўз мевасини беради

Эрталаб сепаратордан қаймоқ чиқараётган Башорат момонинг хаёлини дарвозанинг тақиллаши бузди:

- Ким бор?

- Ҳозир! - Башорат момо сепараторни тўхтатиб чақириққа пешвоз чиқди. Ишхонасидан келишган экан.

- Ассалому алайкум, бувижон, соғ-саломатмисиз? - Бошлиқ ўринбосари Санобархон қўлидаги гулдастани Башорат момога тутиб уни маҳкам бағрига босди, - Илоё, бахтимизга омон бўлинг, бувижон, табриклайман, Соҳа ходимлари куни муносабати билан мукофотга сазовор бўлибсиз.

Кутилмаган хабардан Башорат момо ўзини қўярга жой тополмай қолди. Меҳмонларни уйга таклиф қилиб дастурхон ёзди, жамоа аъзоларининг ҳол-аҳволини сўради.

…Башорат момо нафақага чиққунга қадар ободонлаштириш бўлимида меҳнат қилди. Қишни - қиш, ёзни - ёз демай қўлидан супурги тушмади. Ўзига биркитилган, кўча ва хиёбонни чиннидай тозалади. Эрта тонг сўфи азон айтганда супургисини олиб чиқиб кетади. Одамлар - биров ишга, биров ўқишга йўл олганда кўча супурилган-сидирилган бўлади. Албатта, бу фаррош Башорат момонинг заҳматли меҳнати эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. “Эй, барака топсин, қўли дард кўрмасин”, деган миннатдорчиликни эшитмаган.

Хафа бўлгани ўтган-қайтганлар чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб кетаверади.

- Эна, қўйинг шу ишингизни, сизга нима етишмаяпти, таниш-билишлар олдида уялиб кетяпман, - деди бир куни ўғли Баходир, -  невараларингизга қараб ўтирсангиз бўлмайдими? Қачонгача чиқинди супуриб юрасиз?

- Нега уяласан, болам, меҳнатнинг айби борми? Ўрганиб қолганман, шу меҳнат орқали сизларни боқиб катта қилдим. Кўчани ораста сақлаш савоб, ўтган-қайтганнинг баҳри очилади, болам. Тозаликда гап кўп.

- Тўғри, лекин бирор марта кимдир “раҳмат” дедими?

- Айтдим-ку, болам, савоб учун ишлаяпман. Кўчанинг хосияти катта. У одамларни уринтирмай, суринтирмай манзилга етказади, оламдан ўтганида охиратга кузатиб қўйилади, тоза бўлиши керак.

Хуллас, биров кўча супургич аёлни назарига илган-илмагандир, лекин Башорат момо нафақага чиққунча супургисини қўлдан ташламади. Ўғли тўғри айтган экан, на одамлардан, на бошлиқлардан раҳмат эшитгани йўқ. Лекин меҳнатини миннат қилмади, бир бурда нонни ҳалол меҳнат билан топиб еган киши хор бўлмас экан. Мана, замон ўзгариб, Башорот момога ўхшаб назарга илинмай юрган кишилар ҳам эъзоз, қадр топяпти.

…Ҳамкасблари табриклаб йўқлаб келишидан кўнгли тоғдай кўтарилиб, кўзлари севинч ёшига тўлди.

- Раҳмат, қизим, умрларинг зиёда бўлсин, - Башорат момо Санобарни бағрига босди.

- Эна, меҳмон келди, - Ташқаридан, ўғли Баҳодирнинг овози эшитилди.

- Узр, сизлар қўзғалманглар, қарай-чи, қандай меҳмон экан? -  момо чаққон туриб пешвоз чиқди.

Маҳалла оқсоқоли қўлида совға билан кириб келарди.

- Эшитдим, онахон, табриклайман! Бутун маҳалла аҳли хурсанд!

Шу куни Башорат момо хонадонида тўй бўлиб кетди.

Тоғаймурод Шомуродов.