Ибратли битиклар
Ҳоким. Қадр ва устоз
Ҳокимнинг донишманд устози бор экан. Бир кун у катта лавозимга танлаган одамлари бўйича устозининг олдига маслаҳатга келибди.
- Устоз, мен бу кишиларни лавозимга қўймоқчиман, маслаҳат беринг кимни қўяй?
Устози номзодларнинг кимлигини сўрабди. Ҳоким биринчиси ҳақида маълумот берибди. Устоз:
“Бўлмайди бу номзод, чунки жуда қаттиқ”, - деган экан.
Иккинчисини айтганда:
- Бу ҳам бўлмайди, жуда бўш, - деб айтибди.
Учинчиси:
- Ҳали хом, дебди.
Ҳоким ҳайрон бўлибди. Биттаси қаттиқ бўлса, иккинчиси бўш, учинчиси хом бўлса. Ўйланиб қолибди. Ушбу лавозимга қанақасини қўяй, деб сўрабди. Устоз шогирдининг қўлига картошка, тухум ва пишмаган ўрик берибди.
- Буларни қайнатиб пиширгин ва менга олиб кел, кейин жавобини айтаман, дебди.
Ҳоким ҳар бирини алоҳида қайнатиб, устознинг олдига олиб келибди. Картошка юмшаб қолибди, суюқ тухум эса бироз қотибди, хом ўрик бутунлай титилиб кетибди.
- Кўрдингми? Энди булардан иккитаси истеъмолга яроқли, биттаси ҳали хомлиги туфайли бутунлай титилиб кетди. Халққа раҳбарлик ҳам худди шундай қайноқ жараён. Шу туфайли раҳбар олдин пишган бўлиши керак. Акс ҳолда, у яроқсиз ҳисобланади. Қаттиқ ҳам бўлмайди, кўнгли юмшоқ ҳам раҳбарлик қила олмайди, пишмаган бўлса, титилиб кетади. Шу туфайли раҳбарлик қилиш учун ҳар қандай киши ҳаёт қайноғида пишган бўлиши керак, деган экан.
Пасткашлик
Эркак киши болаларини олиб қолиб, хотинини хорижга пул топиб келиш учун жўнатиб, у жўнатган пулларини йиллар давомида еб-ичиб, қайтиб келгандан сўнг “Сен уёқда фалончи билан юрган экансан”, деб ҳайдаб юбориши ўта пасткашликдир.
Қайси иш осон?
Китоб ёзишми ёки уни ўқиш?
- Китоб ёзадиганлар доимо иштиёқ, хоҳиш билан ёзади, чунки унинг қўлидан шу иш келади. Шунинг учун китоб ёзиш – осон.
- Китоб ўқиш ҳамманинг қўлидан келади, аммо бу ишни хоҳламаса, бундайларга ўқитишдан қийин иш йўқ.
Донишмандлардан саккиз ҳикмат
Аллоҳ ҳамма жойда бир вақтнинг ўзида бўлолмаганлиги туфайли, инсониятнинг омонлиги учун Онани яратган экан.
Муаммони пул билан ҳал қилиш мумкин бўлса, бу муаммо эмас – фақат харажат, деб баҳолаш мумкин.
Одамларга иккита қулоқ ва битта оғиз берилган. Шу туфайли кўпроқ эшитиш ва эшитганларига нисбатан икки баробар камроқ гапириш керак экан.
Қўрқиб ўлгандан кўра, кулиб ўлган афзал.
Тажриба одамларнинг шу ишда хато қилдик, деб гапирган гаплари, пушаймонликларининг йиғиндисидир.
Айрим одамлар ҳамиша пулим йўқ деб нолийди, аммо ҳеч ким ақлим йўқ, деб ўйламайди.
Соч оқариши фақатгина қарилик белгиси, холос. У донишмандликка даво қиладиган мезон эмас.
Кекса одамнинг кўзи хиралашади, аммо қалби билан кўп нарсани кўра олади.
Мамаюнус ПАРДАЕВ, СамИСИ профессори