Ичимлик суви ва сув оқова хизматининг нархларида ўзгариш бўлади
Бу ҳақда "Самарқанд сув таъминоти" АЖ директори Комил Юсупов вилоят Матбуот уйида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Таъкидланишича, ҳозирда вилоятнинг 3 миллиондан зиёд аҳолиси, яъни 75,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 1 миллион нафари (24,6 фоизи) турли манбалардан, жумладан, булоқ, качалка, ташиб келтириш орқали истеъмол қилади. 2223 та қудуқнинг 692 таси, 1970 та сув иншоотларининг 623 таси, 7,3 минг километр сув тармоқларининг 813,6 километри таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Шунингдек, аҳолининг 20,6 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланган.
- Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида 6 та йилдан-йилга ўтувчи объектларни таъмирлаш учун 63,95 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган, - деди К.Юсупов журналистларга маълумот берар экан. - Ушбу маблағлар ҳисобидан 118 километр, жумладан, 99 километр ичимлик суви ва 19 километр оқова сув тармоқлари тортилади. 4 та тоза сув, 2 та оқова сув иншоот қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Абу Даби Тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020-2025 йилларда “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги ичимлик сув тизимларини модернизация қилиш бўйича 6 та насос станцияси, 2 та сув иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда 11,2 километр ичимлик сув тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Шу пайтгача Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасида 2255 метр, Гагарин кўчасида 1860 метр турли катталикдаги тармоқ монтаж қилинди.
Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан “Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ичимлик сув ва оқова сув тозалаш иншоотлари ва оқова тизимлари реконструкция қилиш” лойиҳасининг амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
Тадбирда Самарқанд шаҳри Қорасув маскани ва янгидан барпо этилаётган Ширин шаҳарчасини давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида ичимлик ва оқова тизимларини қуриш ишларини амалга ошириш бўйича Испаниянинг “Almar” Water Salutions компанияси томонидан таклифлар хусусида ҳам маълумот берилди. 101,5 миллион долларлик лойиҳалар асосида Оқдарё, Қўшработ, Каттақўрғон ва Паст Дарғом туманларида 1 тадан, Иштихон ва Пайариқ туманида 2 тадан бир кунда қуввати 30 минг метр/куб бўлган 8 та оқова тозалаш иншооти ва 185,5 километр сувоқова тармоқлари қуриш режалаштирилган.
Шунингдек, К.Юсупов ичимлик суви ва оқова хизматлари учун белгиланган янги тарифга қўшимча қиймат солиғи қўшилаётганини алоҳида қайд этди.
- 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, вилоятимизда 1 куб/метр ичимлик суви тўлов миқдори қўшимча қиймат солиғи билан қўшилган ҳолда 2800 сўм, 1 метр/куб сувоқова хизмати учун эса 1792 сўм қилиб белгиланди, - деди К.Юсупов.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.