Ички авиарейслар нега камаймоқда?

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида "Uzbekistan airways" акциядорлик жамияти раҳбарияти билан очиқ мулоқот тадбири бўлиб ўтди.

Оммавий ахборот воситалари, сайёҳлик компаниялари, авиакасса ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари масъулларга ўзини қизиқтирган саволларни берди.
Хусусан, “Бўстон травел” сайёҳлик компанияси вакили Аббос Ҳазратқулов ички авиарейсларнинг бирор огоҳлантиришларсиз қўйилиб-олинаётгани, бу эса турфирмалар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, фуқароларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлаётганини айтди. Масъуллардан “Самарқанд-Урганч” ва “Самарқанд-Фарғона” рейсларини тиклаш таклифи берилди.

Авиакомпаниянинг маркетинг бўлими бошлиғи Шухрат Мирсаидовга кўра, ички рейсларнинг қисқаришига асосий сабаб рейсларнинг тўлмай қолаётганлиги ҳамда компаниянинг зиёнга ишлаётгани бўлмоқда. Айни бўшлиқ хусусий авиакомпаниялар томонидан тўлдирилаётгани, яқин ўртада водийга ҳам рейслар ташкил этилиши таъкидланди.

Тадбирда авиачипта сотиш масаласида маҳаллий агентларга нотенг имкониятлар берилгани, талаб юқори бўлган рейсларнинг пойтахтдан Самарқандга кўчирилмаётгани масалаларида ҳам мурожаатлар бўлди. Масъуллар уларнинг асосий қисмига шу ернинг ўзида жавоб берган бўлса, баъзи масалалар ўрганиш учун назоратга олинди.