Ифторлик ёхуд давранинг тўри кимники?

«Ака, келишингизда гўшт олсангиз, ифторликка овқат қилардим. Уч кундан бери дадам билан аям тузукроқ нарса егани йўқ».
Таксида телефонда гаплашаётган йўловчига аёл киши шундай деди. Ёнма-ён ўтирганимиз учун овоз менга аниқ эшитилди. Кейин йўловчи жавоб қайтарди...
- Мен ишдан кеч чиқаман, пулим ҳам кам, амаллаб туринглар. Яқинда ойлик тушади, ҳамма керакли нарсаларни олиб бераман.
Рости, ёнимдаги кишининг пули йўқ экан-да, рўзадор ота-онасига ул-бул ҳам ололмаяпти, деб афсусландим. Бироқ телефон ўчиши билан бошқа бировга қилинган қўнғироқдан кейин фикрим бутунлай ўзгарди.
- Ассалому алайкум! Ака, яхшимисиз, дам олиш яхши бўляптими?
- ... (Жавоб қайтарилди)
- Бугун бошлиқни туғилган куни экан. Шунга ифторлик менинг ҳисобимдан бўляпти. Совғамиз ҳам бор. Таътилдасиз, эшитдингизми-йўқми деб хабар қиляпман. Бугун ифторликка ҳамкасблар билан доим борадиган ресторанга келасизда...
Очиғи, ҳолатни кузатиб, гапирмасам бўлмади.
- Ака, бугун уйда ифтор борми ёки оилавий бирор жойга боряпсизларми? - деб сўрадим атайлаб.
- Бугун бошлиқнинг туғилган куни. Ҳамкасблар билан ўтирамиз, шу баҳона Рамазон ойи бир ифторлик қилиб берай, - дея кеккайганча жавоб қайтарди ҳалиги киши.
Ҳозиргина ота-онасига “Гўшт олишга пулим йўқ”, деган одамдан бу гапларни эшитиш жуда оғир ботди. Наҳотки одамлар шунчалик тубанлашиб кетяпти. Ота-она фарзанди учун қанча қийинчиликларни бошларидан кечирса-ю, биз эса... Яна муборак ойда-я?!.
Менимча, кейинги пайтда қилаётган амалларимизнинг аксарияти савоб учун эмас, балки ўз нафсимизни қондириш ва дабдабабозлик учун бўляпти. Аксинча бўлганда, давраларнинг тўри дунёнинг ошу гўштини еб юрган “катталар” ёки дўст-биродарларники эмас, балки ота-онамиз ва муҳтож инсонларники бўлар эди.
Сиз нима дейсиз?
Фазлиддин Рўзибоев.