Келишув битими ва медиатив келишув бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, уларнинг қандай умумий ва фарқли жиҳатлари мавжуд? Буни билиш учун, аввало, келишув битими ва медиатив келишув тушунчаларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Келишув битими – ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 2-бандида берилган тушунтиришга кўра, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

Уларнинг умумий жиҳати шундаки, иккиси ҳам низоларни тинчлик ва муроса (дипломатик) йўли билан ҳал қилишга қаратилган низоларни муқобил ҳал қилиш усулидир.

Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодекси 166-моддаси 2-бандига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Фарқли жиҳатлари эса талайгина бўлиб, қуйида уларни алоҳида таҳлил қиламиз.

Аввало, келишув битими фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хона (маслаҳатхона)га суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин деб кўрсатиб ўтилган. (ФПК 166-модда);

Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади, медиатив келишувни эса тасдиқлаш талаб этилмайди.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўрилади, бундай келишув нотариус томонидан тасдиқланган ҳоллар бундан мустасно. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.

Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Тарафлар ўртасида келишув битими бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.

Медиатив келишувда эса гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шунга кўра, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли;

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда эса даъво аризаси тақдим этишда олдиндан тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилади.

Мухтасар айтганда, келишув битими ва медиатив келишув институтлари тарафларга ўрталарида юзага келган низоли масалаларни ўзаро келишув, дипломатик йўл билан ҳал қилиш усуллари бўлиб, низоли вазиятнинг муросаи-мадора йўли билан барҳам топилишига хизмат қилади.

Фуркат Аноров,

Самарқанд вилоят суди судьяси.