ИИБ бошлиғи ургутлик ёшларнинг муаммоларини ўрганди

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов Ургут агротадбиркорлик касб-ҳунар коллежида туман ёшлари билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида меҳмонлар ургутлик ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Президентимиз илгари сурган беш ташаббус бўйича туманда амалга оширилган ишлар номойиш этилди.

Тадбирда туман ёшлари ИИБ раҳбарига кредит олиш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ер майдони ажратиш, ички ишлар органларига ишга жойлашиш, спорт иншоотлари, мусиқа ва санъат мактабларини жиҳозлаш, мусиқа асбоблари билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ёшлар билдирган масалаларни ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган 10 нафар ёш ходимлар бошқарманинг фахрий ёрлиқлари, 30 нафар юқори натижаларга эришган спортчиларга эсдалик совғалари топширилди. 7 нафар ёшлар эса фуқаролик паспортига эга бўлди.