Ижодкорлар маърифат улашди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида навбатдаги маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли шоир ва моҳир журналистлар Тоҳир Долиев, Абдурасул Жумақулов ҳамда Гўзал Бегим талабалар билан учрашиб, юртимизда ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг жамиятда ўз муносиб ўринларини топишлари учун давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, истеъдодли йигит-қизлар эришаётган натижалар ҳақида сўз юритдилар.
Шунингдек, ижодкорлар ўз ёшлик йиллари, ҳаётда эришган муваффақиятлари ва бугунги адабий жараёнлар ҳақида гапириб берди.
– Мен ҳам Самарқанд фарзандиман, Оқдарё туманидаги қишлоқда туғилиб ўсганман, – дейди “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журнали бош муҳаррири Тоҳир Долиев. – Оиламиздаги маърифий муҳит, зиёли, ижодкор тоғаларим маслаҳатлари, тавсиялари билан Тошкентда ўқиб, журналистика соҳасида фаолият юритиб келяпман. Қарийб ярим асрлик иш фаолиятим, ижодим давомида шунга амин бўлдимки, ҳаётда муваффақиятга эришишнинг ягона йўли – илм олиш, меҳнат қилишда экан. Кўп ўқиган одам кўп нарсани билиши, кам хато қилиши ва яхши яшашини англадим. Меҳнат билан, машаққат билан эришилган ҳар қандай неъмат қадрли бўлишига ҳаёт йўлларида кўп гувоҳ бўлдим.
Учрашувда пойтахтдан келган ижодкорлар шеърларидан намуналар ўқиди. Шунингдек, университет иқтидорли талабалари томонидан ижодкорлар асарлари асосида тайёрланган куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Лойиҳа доирасида университетда талабалар ўртасида “Иншолар танлови”, “Мунозара” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.
Ижодкорлар таълим сифатини ошириш мақсадида университетга бириктирилган Паст Дарғом туманидаги 17, 28 ва 125-умумтаълим мактабларида бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан ҳам ижодий учрашувлар ўтказди. Мактаблар кутубхоналарига китоблар совға қилинди.