Ижтимоий шериклик: Катталар таълими ва ўқиши нималарни кўзда тутади?

Самарқандда ўтказилган "Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун катталар таълими ва ўқишида ўрганувчи худудлар ва инновацияларни яратиш" фестивали ўз ичига фотокўргазма, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойишлари, маҳорат сабоқлари, эркин мунозараларни ўз ичига олди. "Сабр" Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ва DVVнинг Ўзбекистондаги филиали (DVV International– Германия Давлат университетларининг халқаро ҳамкорлик бўйича институти) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги меҳнат бозори тадқиқотлари институти, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташкилотчилигида ўтказилаётган анжуманда нафақат мамлакатимиз, балки хориждан ҳам соҳага тегишли вакиллар иштирок этди.

Хусусан, мамлакатимиз ҳамда Германия Федератив Республикаси, Қирғизистон, Тожикистон республикаларидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.

Катталар таълими ва ўқиши нималарни кўзда тутади, ушбу жараён мамлакатимизда нечоғлик йўлга қўйилган? Ишсиз аҳолини мақсадли ўқитиш самаралари ва бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни қандай бўлмоқда? Бу масалада “Сабр”  Республика ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш марказининг давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги қандай кечмоқда?

Фестиваль аввалида иштирокчиларни қутлаш учун сўзга чиққан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов шу масалалар юзасидан фикр билдирди.

Анжуман аввалида иштирокчилар Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда “Сабр” томонидан ташкил этилган маҳаллий ривожлантириш марказларида таҳсил олганлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар. Айтиш керакки, унда хоразмча кичик ҳажмдаги тандирдан тортиб, чармдан тайёрланган турли буюмлар, сурхонча услубдаги кийим-кечаклару, дарахтдан ишланган рўзғор анжомлари ва бошқа, бугун аллақачон ҳатто чет элликлар харидорига айланган буюмлар намойиш этилди.

-“Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маркази қишлоқ аҳолисининг кам таъминланган қатламлари билан ишлаш бўйича йигирма олти йиллик иш тажрибасига эга, - дейди марказ раҳбари Мавлуда Ширинова. - Биз фаолиятимиз давомида, хусусан, кейинги 6 йил мобайнида мамлакатимизнинг қишлоқ ҳудудларида яшовчи 8 мингдан ортиқ аёллар ва ёшларни 22 турдаги касб йўналишида малакасини оширди. Уларнинг 5 минг нафари иш билан таъминланди ёки меҳнат билан банд. Ҳунар ўрганган хотин-қизларга “Сабр” микромолия ташкилоти томонидан 7,5 миллиард сўм миқдорида микрокредит тақдим этди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардаги ННТлар билан ҳамкорликда маҳаллий ривожлантириш марказлари ташкил этилди.  DVVнинг Ўзбекистондаги филиали (DVV International) кўмагида ташкил этилган мазкур марказлар фаолияти учун 160 дан ортиқ мураббий ва тренерлар тайёрланди. Шунингдек, маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан Ҳаёт давомида таълим олиш Глобал стратегиясини амалга оширишда иштирок этмоқда.

Фестиваль давомида нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат бошқарув органлари вакиллари, халқаро экспертлар иштирокида, соҳага доир қонунчилик, ҳаёт давомида таълим олишни ривожлантириш самаралар ва бошқа мавзуларда шуъба йиғилишлари бўлиб ўтди.

Фестивалнинг иккинчи кунидан Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази қошида ташкил этилган маҳаллий ривожлантириш марказларида касб-ҳунарга ўқитилаётган иштирокчиларга хориж ва пойтахтдан ташриф буюрган маҳоратли касб усталари машғулот ўтиб беришди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.