Ижтимоий тармоқларда сохта ахборотдан ростакамини ажратиб бўлмай қолди(ми?)
Рақамли технологиялар турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган бугунги даврда ахборотлар инсон онгига тез таъсир қилувчи кучга айланди. Бугун ҳар ким телефонини очиб, хоҳлаган маълумотни бир неча сонияда олиши, бошқалар билан улашиши мумкин. Аммо шу қулайлик ортида жиддий таҳдид — сохта хабарлар ҳам яширин бериляптики, биргина ёлғон маълумот бутун жамоатчиликнинг фикрини ўзгартириши, ижтимоий беқарорликни юзага келтириши ҳеч гап эмас.
Одатда ижтимоий тармоқлардаги постлар видео, мем ёки аноним каналлар орқали тарқалади. Кўп ҳолларда сохта хабарлар ҳиссиётга таъсир қиладиган, шов-шувли ёки қўрқув уйғотувчи тарзда ёзилади. Оқибатда одамлар уни текширмасдан улашади ва “фейк” (ёлғон) хабарлар жуда тез оммалашади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз фикри, дунёқарашига мос келадиган маълумотларга ишонади. Кимдир бирор мавзуда ўз қарашларини қўллаб-қувватловчи хабарни кўрса, уни ҳақиқат деб қабул қилади. Аксарият фойдаланувчилар эса ахборот манбасига эътибор ҳам бермайди. “Телеграмда чиқди”, “Инстаграмда кўрдим”, деган гапларни ишончли манба деб ўйлайди.
“Фейк”лар жамиятда бир нечта салбий оқибатларни олиб келади. Кишиларда ваҳима, тушкунлик келтириб чиқаради. Жумладан, озиқ-овқат нархлари ошгани ёки янги касаллик чиққани ҳақидаги ёлғон хабарлар одамларни саросимага солади. Ҳатто фуқаролар оммавий ахборот воситалари ёки расмий идоралар тарқатган хабарларга ишонмай қўяди. Айрим ҳолларда “фейк”лар миллатлараро, диний ёки сиёсий кескинликни кучайтиради.
Масалан, 2025 йил 25 февралда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда аҳолидан ноқонуний равишда катта миқдорда пул ечиб олинган. Балансингизни текширинг — пуллар қайтарилади”, деган хабар тарқалди. Ушбу постлар Телеграм ва Фаcебоокдаги бир неча каналлар орқали тез тарқалиб, одамлар орасида ваҳима пайдо қилди. Баъзи фуқаролар банкларга югуриб, нақд пул олишга ҳаракат қилди. Расмий идоралар бу хабарни рад этди.
Бундай сохта ахборотларга қарши курашда энг муҳими, ахборот маданиятини шакллантириш. Ҳар бир фойдаланувчи қуйидаги оддий, аммо муҳим қоидаларга амал қилиши лозим:
- хабарни улашишдан олдин манбасини текшириш;
- шубҳали маълумотни расмий сайтлар ёки ишончли ОАВ билан солиштириш;
- сарлавҳаси ҳаддан ташқари “шов-шувли” бўлган постларга ишонмаслик;
- ёшларда медиа саводхонликни ривожлантириш.
Шунингдек, давлат даражасида Фактчекинг марказлари фаолиятини кенгайтириш, журналистик этикани мустаҳкамлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Шунинг учун ахборотни текшириб, фақат ишончли манбадан фойдаланиш замонавий инсоннинг энг муҳим одатларидан бири бўлиши керак. Чунки ҳақиқатни ҳимоя қилиш — бу нафақат журналистларнинг, балки ҳар бир онгли фуқаронинг вазифасидир.
Севара МАМАДИЁРОВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.