Ижтимоий тармоқларда тарқалган ўқувчи қизлар ўртасидаги жанжалга ота-оналар айбдор деб топилди ва жарима жазосига тортилди

Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳридаги 21-мактаб ўқувчилари иштирокида рўй берган кўнгилсиз ҳолат ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.

Ўрганиш жараёнида жорий йилнинг март ойи бошларида 21-мактабининг уч нафар 10-синф ўқувчи қизлари 9-синф қизнинг сочидан тортиб, юз ва қорин қисмига зарбалар берган. Бемаъни сўзлар билан ҳақоратлаб урган. 10-синф ўқувчиларидан бири жанжални уяли телефони орқали тасвирга тушириб, ижтимоий тармоққа чиқариб юборган.

Мазкур иш вояга етмаганлар бўйича Чирчиқ шаҳар идоралараро комиссиясига тақдим этилди.

Вояга етмаганлар бўйича Чирчиқ шаҳар идоралараро комиссиясининг 2019 йил 6 июль кунги 72-сонли қарорига асосан фарзандларини тарбиялаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганликлари (МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми) учун вояга етмаган тўрт нафар қизларнинг ота-оналари 101,36 минг сўмдан 608,09 минг сўмгача жаримага тортилди. Тарбия оиладан бошланиши ҳамда вояга етгунча ота-оналар фарзандлари тарбияси учун масъул эканлигини доимо ёдда тутишлари муҳимдир. Шундагина бу каби нохуш ҳодисаларни олдини олиш мумкин бўлади.